Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Президентимиз йиғилишда таъкидлаганидек, ички ишлар органлари фаолиятига баҳо беришда жиноий ишларни одилона ва сифатли тергов қилиш, шахснинг жиноий қилмишига муносиб, адолатли ҳуқуқий баҳо бериш муҳим ўрин тутади. Лекин тергов идоралари ихтиёрида қисқа муддатда тезкор қонуний қарорлар қабул қилиш имконияти мавжуд эканига қарамай, қўшимча суриштирув ёки тергов ҳаракатлари талаб этилмайдиган материаллар бўйича асоссиз равишда муддатни узайтириш, чўзиш, фуқароларни сарсон қилиш каби салбий амалиёт ҳамон учрамоқда. 

Шавкат Мирзиёев тергов ва айблаш билан чекланмай, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотларини ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирокида чуқур таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади. 

Яна бир ташвишли ҳолат: хориждаги фуқароларимизнинг аксарияти ишлаш мақсадида юртимиздан кетган, лекин уларнинг айримлари турли диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолмоқда. Чет элга иш қидириб кетган фуқароларни аниқлаш ва қайтариш, маҳалла раислари, маънавият-маърифат марказлари, имом-хатиблар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар билан ҳамкорликда аҳоли орасида диний экстремизмнинг салбий оқибатларини тарғиб қилиш борасидаги ишлар замон талаби даражасида эмас. 

Давлатимиз раҳбари ҳафтанинг пайшанба кунини жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилишни таклиф этди. Шу куни ҳудудлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот беради. 

Ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги аҳвол ҳам кишини ташвишга солмай қўймайди. Масалан, 2016 йилда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари мингдан зиёд жиноятга қўл ургани, умумий жиноятларнинг олтитасидан биттасини хотин-қизлар содир этгани афсусланарлидир. Бунинг асосий сабабларидан бири ўрта махсус билим юртларида ўқувчиларнинг давомати тушиб кетгани, бу ҳолни ўрганиш ва назорат қилиш бўйича мукаммал тизим яратилмаганидир. 

Йиғилишда милиция таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, профилактика инспекторларининг турмуш шароитини яхшилаш, ички ишлар органлари тизимини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Ички ишлар вазирлигининг ташкилий тузилмалари танқидий нуқтаи-назардан таҳлил қилинди. 

Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ички ишлар органларининг тадбиркорлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиши ёки тўсқинлик қилиши каби ҳолатларга батамом чек қўйиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

Мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ички ишлар идораларининг энг долзарб вазифаларидан биридир. Шу боис фуқаролар билан муносабатларни тубдан қайта кўриб чиқиш, одамлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш ва инсон манфаатларидан келиб чиқиб ишлаш лозим, деди давлатимиз раҳбари. 

Йиғилишда ички ишлар вазири А.Азизов, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари, ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ахборотлари эшитилди.