Бишкекда хусусий тез ёрдам машинаси махсус сигналлардан фойдаланиб, тандир сомса тайёрлайдиган жойга шошилгани маълум бўлди. Бу ҳақида Facebook'даги "Қора рўйхат" ("Чёрный список") гуруҳи аъзоси Илья Балинов хабар берди

"Бугун бир соат олдин Некрасов кўчаси бўйлаб жанубий йўналишда кетаётгандим, Московский кўчасидан бошлаб тирбандлик юзага келганди. Бирдан сирена овози эшитилди ва ойнадан қарама-қарши йўналишда келаётган тез ёрдам машинасини кўрдим. Унга ҳеч ким ҳалақит бермади, ҳамма ўтказиб юборди. Кейин Толстой ва Некрасов кўчалари кесишган чорраҳада у светофорнинг қизил чироғида сигналларини ёққанча ўтиб кетди", - деб ёзади фойдаланувчи.

"Чорраҳадан шошилиб ўтган тез ёрдам машинаси қаҳвахонанинг ёнида тандир сомса харид қилиш учун тўхтади, сўнг худди шундай сигналларини ёққанча ортга қайирилиб кетишди", - дея қўшимча қилади Илья Балинов. 

Унинг фикрича, бундай ҳолатлардан кейин ҳайдовчиларнинг тез ёрдам машиналарини ўтказиб юбормаслигига ажабланмаса ҳам бўлади. Таъкидланишича, транспорт воситаси "Аю-Медикал" хусусий тиббий марказига тегишли бўлган.