“Инсон ҳаётидаги вақт нима, унинг моҳияти нимада?” деган саволларга донолар шундай жавоб беради: "Вақт - гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ҳамда бебаҳо бўлади".

Агар иплар сифатсиз ва тўзиган бўлса ҳаёт ҳам тубан, мазмунсиз кечади. Вақтнинг яна бир хусусияти - агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. У инсон сарф қиладиган асосий дастмоядир. Қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Баракали бўлса, кўп. Шу боис ҳам инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ҳамда баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши вожибдир.

Ислом таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, каби иллатлардан узоқда бўлишимизга амр қилади ва ҳар куни эрта туришга, хайрли амалларни қилишга ҳамда ёшлик, сиҳат-саломатлик, бўш вақтни ғанимат билишга чорлайди.

Улуғ аждодларимиз кунларини, вақту соатларини фойдали иш қилишга, гўзал аҳлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарфлашга уринар эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бугунлари кечагисидан, эртанги кунлари бугунгисидан аъло бўларди. Улар: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг у сени кесади”, - деган ҳикматли сўзга амал қилишган.

Ўтаётган кунимиз, вақтимиздан ибрат олмоғимиз лозим. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни боқийлик сари етаклайди. Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди”.

Ҳа, вақт гўё улуғ омаддир. Фарзандларимизниинг таълим-тарбиясига эътиборимизни кучайтириб, таълим даргоҳларида олаётган билимини текшириб туриш лозим. Фарзандлар мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларига бориб келай деганда ота-онаси келажаги меваси бўлмиш жигарбандини олдидан дуо қилиб кузатади. Айрим фарзандлар инсон ҳаётидаги вақтини ғанимат билмасдан билим олиш ўрнига турли хил интернет клубларга бориб вақтини исроф қилиб бормоқда.

Муҳтарам юртбошимиз ҳам бугунги кун ёшларини китобхонлиги пасайиб кетганлигини таъкидлаб ўтдилар. Жамиятимиздаги барча инсонлар, улар ким ва қандай мавқега эга бўлмасинлар, келажагимиз бўлган ёшларимизни олтиндан қиммат бўлган неъматдан унумли фойдаланишлари лозимлигини тушунтирмоқлигимиз керак. Ёши улуғларимиз, муҳтарам ота-оналар фарзандлари таълим-тарбиясига бепарво бўлмасликлари, вақтларини тўғри сарфлашга ўргатишлари керак. Чунки, бугунги кунимиз ва порлоқ келажагимиз, ана шундай салоҳиятли фарзандлар қўлидадир.

Маъруфхон АЛОХОДЖАЕВ,
Наманган шаҳридаги
Абдулқодир қори
масжиди имом-хатиби