15 февраль куни Россия Федерацияси ҳукумат раиси ўринбосари Дмитрий Козак бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 18-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди ва бир қатор истиқболли режалар муҳокама қилинди. 

Тадбирда иштирок этган «Кун» мухбирининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Рустам Азимов меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликка ҳам катта аҳамият берилишини таъкидлади. Жумладан, Ўзбекистон мазкур соҳада ҳалқаро миқёсда тан олинган шакллар асосида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этади. 

Бундай ҳамкорлик йўлланаётган ишчилар сони, мутахассислиги, уларни қабул қилаётган ҳудудлар бўйича аниқ маълумотлар билан таъминлашни кўзда тутади. Шунингдек, меҳнат муҳожирларига уларнинг ҳуқуқий муҳофазаси бўйича қатъий кафолатлар берувчи тартибни ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ишчиларни нормал яшаш шароити ҳамда тиббий ва ижтимоий суғурта билан таъминлаш ҳам кўзда тутилмоқда. 

Йиғилишда Россия ва Ўзбекистоннинг позициялари кўп жиҳатдан тўғри келиши, олдинда эса бир қатор вазифаларнинг амалий ижроси тургани таъкидланди.