Наманган вилоят ҳокимининг мамлакат раҳбарининг маъруза ва кўрсатмаларига асосланган “Наманган вилоят маҳаллаларида 2017 йил февраль-март ойларида “Яраштириш комиссияси” ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги Қарори Президент томонидан бошлаб берилган хайрли ишларнинг мантиқий давоми бўлди. 

Ушбу қарорга мувофиқ вилоят ҳокимининг ишчи гуруҳи тузилиб, оилада маънавий муҳитни юксалтириш, ҳаётнинг ҳар қандай синови унинг қўрғонига дахлсиз бўлиши  лозимлиги борасида тарғибот-ташвиқот ишлари  олиб борилмоқда. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳилола Юсупова бошчилигидаги ушбу гуруҳ аъзолари шаҳар ва туманларда аразлашган оилалар рўйхатини шакллантириб, яраштирув ишларини бошлаб юборишди.  

Биргина Поп туманида ўтказилган ана шундай савобли ишлар натижасида 50 та оила қайта тикланди. Яраштирув комиссиясининг Чуст туманидаги фаолияти ҳам Акбаров Абдурашидов сингари фуқароларнинг қувончининг  сабаб бўлди.

“Арзимаган сабаблар туфайли турмуш ўртоғим билан аразлашиб қолгандик. Яраштирув комиссияси аъзоларининг тушунтириш ишлари давомида шуни англаб етдимки, ҳеч бир инсон оиласиз бахтли бўла олмайди. Мен бугун чин маънода бахтли инсонман. Чунки, бугун турмуш ўртоғим ёнимда, фарзандим бағримда, оилам бут”, - дейди Абдурашидов.

Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Президентнинг кўрсатмалари ва вилоят ҳокимининг қарори асосида ташкил этилган ишчи гуруҳ хизматлари сабаб Чуст туманида ҳам оиласи қайта тикланган 33та хонадонда хурсандчилик ҳукмрон. Бундай хайрли тадбирлар вилоятда давом этмоқда.