Украина собиқ президенти Виктор Януковичнинг жаҳон етакчиларига йўллаган мактублари тўла матни эълон қилинди, деб хабар қилмоқда RT.

Янукович Германия, Франция ва Польша етакчилари, қатор халқаро ташкилотлар ва Россия ҳамда АҚШ президентларига юборган хабарларида 2014 йилги “Майдон” ҳодисалари ҳақида гапириб бериб, Украинадаги можарони ҳал этиш усулларини кўрсатиб ўтган.

Януковичнинг АҚШ президенти Дональд Трампга йўллаган мактубида ёзишича, “Украинага тинчлик ва қонун устуворлигини фақатгина 2013-2014 йиллардаги фожиали ҳодисаларни ҳалол ва ошкора текширувдан ўтказиш орқали қайтариш мумкин. Ўша воқеалар можаронинг янада кучайиши орқали Украинада фуқаролик уруши рўй беришига олиб келди".

Янукович Трампга “Украинада инсоннинг асосий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига йўналтирилган, демократия ва қонун устуворлигини тиклаш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш” ҳақида илтимос билан мурожаат қилди.

Россия президенти Владимир Путинга йўлланган мактубда ҳам Украинада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, демократияни тиклаш учун чоралар кўриш кераклиги ҳақида сўз юритилган. 

Аввалроқ Янукович жаҳон етакчиларини “майдон” бўйича махсус комиссияни ташкил этишга чақиргани ҳақида хабарлар тарқалганди.