Ерда топилган энг йирик олти метеорит тарихи

Lifestyle 02 Март 2017 10632

Ер томон қулайдиган, табиий келиб чиқишга эга коинот жинслари кўпинча атмосферанинг ўзидаёқ йўқ бўлиб кетади. Бироқ атмосфера фаолияти ҳам издан чиқиб, Ергача тушган йирик коинот жисмлари ҳам мавжуд. Баъзи космик жинслар Ер юзасига тушиб, минг йиллар давомида эътиборсиз қолиб кетиши мумкин. Бироқ охир-оқибат уларнинг ҳам "соати" келади. Hi-News нашрида шу мавзудаги мақола тақдим этилди.

Катта ҳажмдаги космик қоялар астероидлар деб аталади. Бу жинслар Ер учун метеорит ва метеороидлардан каттароқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Кўпчилик 65 миллион йил илгари яшаган динозаврлар тўсатдан йўқ бўлгани ҳақидаги ҳикояларни эшитган. Айтишларича, бу ана шундай космик жинсларнинг қулаши натижаси ҳисобланади. 2013 йилда ҳам худди шундай ҳодиса рўй бериши мумкин эди, бироқ бизнинг омадимиз келиб, 2012 DA14 космик объекти  27 743 километр масофада сайёрамиздан узоқлашган. 

Бугун бизнинг сайёрамизга тушган ва сақланиб қолган энг йирик космик тошлар "олтилиги"ни кўриб чиқамиз.

 

Уилламетт

1911 йилда Нью-Йоркдаги Америка табиий тарихи музейида олинган метеорит сурати

Уилламетт АҚШ ҳудудида топилган энг йирик метеорит ҳисобланади. Унинг оғирлиги 15,5 тоннадан ортиқни ташкил қилади, ҳажми эса - 7,8 квадрат метр атрофида. Уилламетт асосан темир ва никелдан ташкил топган. Маълумотларга кўра, у тахминан 1 миллиард йил илгари Ерга тушган.

Метеоритнинг тарихи қизиқ. У 1902 йилда уэльслик эмигрант ва кончи Эллис Ҳьюз томонидан топилган. У топилмани ўз ерига етказиши учун уч ой вақт сарфлади. Шундан кейин у 25 цент эвазига тошни кўришга келган зиёратчиларни қабул қила бошлади. Бироқ бу иши тезда фош бўлиб, метеоритга эгалик қилиш ҳуқуқи Орегон пўлат компаниясига ўтди.

1905 йилда метеорит 26 минг доллар эвазига хусусий шахс томонидан сотиб олинди ва 1906 йилда Нью-Йоркдаги Америка табиий тарих музейига совға қилинди. У бугунги кунда ҳам ўша ерда жойлашган. Метеорит музейга етказилганидан кейин Орегон штати ҳиндулари метеоритга даъвогарлик қилишди. Улар метеорит уларнинг ўзига хос диний тотеми бўлиб қолгани ва унинг ҳар йили ўтказиладиган маросим учун зарурлигини таъкидлашди. Бироқ бу вақтга келиб, метеоритнинг атрофида музейнинг асосий иншооти қурилган бўлиб, унинг деворларини бузмасдан олиб чиқиш имкони йўқ эди. Охир-оқибат томонлар йилда бир марта ҳиндулар қабиласи аъзоларига ўз маросимларини музейда ўтказишга рухсат беришга келишиб олишди.

 

Мбози

Мбози метеорити 1930 йилда Танзанияда топилган. Унинг ҳажми 3 метр бўлиб, оғирлиги 25 тоннани ташкил қилади, яъни у Уилламеттадан деярли икки баробар оғир. Мбози Танзания аҳолиси учун муқаддас тош ҳисобланади, улар бу тошни "кимондо" деб аташади.

Шуниси қизиқки, Мбозининг атрофида кратер топилмаган. Мбози топилганида у қисман ерга кўмилган ҳолатда бўлган, шунинг учун одамлар аввал унинг атрофини қазиб олишган.

Таҳлиллар Мбозининг 90 фоиз темирдан иборатлигини кўрсатган. Унинг таркиби 8 фоизга никелдан ташкил топган. Қолгани эса - олтингугурт, мис ва фосфор. Тахминларга кўра, бу метеорит Ерга бир неча минг йиллар аввал тушган, бироқ олимлар унда шунча вақт давомида нураш ёки эрозия кузатилмаганлигидан ажабланишади. Олимлар шунингдек унинг атмосферада ёниб кетмаганига улкан ҳажми сабаб эканини айтишган.

 

Мис Йорк

Мис Йорк метеорити Ер юзида топилган учинчи энг йирик метеорит ҳисобланади. У бизнинг сайёрамизга 10 000 йил аввал келиб тушган. Унинг энг катта - 31 тоннали бўлаги Гренландия оролидан топилган ва шу ҳудуд номи билан атала бошланган. Унинг ҳажми -  3,4 x 2,1 x 1,7 м. Ундан узоқ бўлмаган жойларда 3 тонна ва 400 килограммли яна икки бўлак. Метеоритнинг умумий оғирлиги тахминан 58,2 тоннани ташкил этади.

Ушбу метеорит ҳақида илк марта 1818 йилда маълумот берилган. Шимолий денгиз йўлини излашга йўл олган шотландиялик денгиз сайёҳи Жон Росс металлни қайта ишлашни билмайдиган эскимосларнинг найза ва пичоқлардан фойдаланганига ажабланган. Эскимослар металл манбаи қандайдир "металл тоғ" эканини айтишган.  Ўзи билан Англияга олиб кетган предметлар таҳлили улар таркибида юқори концентрациядаги (Ер юзидаги барча табиий манбалардан юқорироқ) никелнинг мавжудлигини кўрсатган.

Метеорит фрагментларидан бири - Анигито. Ёнида эскимос

Кўп сонли уринишларга қарамай, 1894 йилга қадар метеоритнинг қулаган жойини топа олишмаган. Америкалик денгизчи ва тадқиқотчи Роберт Пири жасур эскимос кузатувчиси ёрдамида керакли жойга чиққан ва бирйўла уч бўлакни топган. Кейинроқ улар кемалар ёрдамида Америка табиий тарих музейига келтирилган.

Метеортининг қолган қисмлари, шу жумладан Агпалилик номини олган 20 тоннали фрагменти 1911-1984 йилларда топилган. Ҳозирда метеорит Копенгаген Геология музейи экспонати ҳисобланади.

 

Бакубирито

Мексикада топилган метеоритларнинг энг йириги. У тахминан Агпалилик билан бир хил оғирликка эга - 20-22 тонна атрофида. Ҳажми эса - 4,25 x, 2 x 1,75 м. Метеорит асосан темирдан иборат.

Бакубирито 1893 йилда геолог Гильберт Эллис Бейли томонидан топилган. У Чикагода чоп этилувчи «Interocean to Central and South America» журнали топшириғи билан Мексикага борган ва маҳаллий аҳоли ёрдамида метеоритни топган. Ҳозирда у Centro de Ciencias de Sinaloa илм-фан марказида жойлашган.

 

Эль Чако

Эль Чако Ер юзида топилган иккинчи энг йирик метеорит ҳисобланади. Унинг оғирлиги Бакубирито метеоритидан деярли икки баробар кўп. Шуниси қизиқки, Эль Чако Campo del Cielo номини олган метеортиларнинг фрагментларидан биридир. Улар Аргентинада 60 квадрат километр майдонда кратер ҳосил бўлишига сабабчи бўлган.

Эль Чаконинг оғирлиги 37 тоннани ташкил қилади. У 1969 йилда топилган. У Ер остида бўлгани боис металл детектор орқали аниқланган.

2016 йилда шу жой яқинида яна бир, 31 тоннали метеорит топилди. У ҳам Эль Чаконинг бир фрагменти ҳисобланади.

 

Гоба

Ерда топилган метеортиларнинг энг йириги - Гоба. У 1920 йилда Намибияда  ер ҳайдаётган фермер эгаси томонидан топилган. Ўша вақтдан буён у ҳеч қаерга кўчириб ҳам ўтказилмаган.

Гобанинг оғирлиги Эль Чаконикидан деярли икки баробарга кўп бўлиб, 66 тоннага яқиндир. Маълумотларга кўра, у 80 000 йил илгари Ерга тушган. Назариялардан бирига кўра, метеорит қулаганда ўз шакли туфайли ер остига кириб кетган.

Гоба табиий келиб чиқишга эга энг йирик темир бўлаги ҳисобланади. Унинг ҳажми 9 куб метрни ташкил қилади. Бу метеорит 1955 йилда Жануби-Ғарбий Африка ҳукумати томонидан миллий мерос деб эълон қилинган. 80-йилларда метеорит ва у жойлашган ер давлатга ҳадя қилинган. Ўшандан буён бу жой сайёҳларни ўзига жалб қилиб келади.

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 93769 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 45981 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 51265 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 9147 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 20003 Ўзбекистон
Бразилия полицияси мавжуд бўлмаган спортчиларда пул қилган гуруҳни аниқлади
00:50 45 Жаҳон
Барселонада “Европанинг исломлашувига” қарши намойиш тарқатиб юборилди
00:40 312 Жаҳон
Олий Мажлис сенаторларидан бирининг ваколати муддатидан аввал тугатилди
Трамп ўзининг бош маслаҳатчаларидан бирини бўшатишга қарор қилди
00:24 256 Жаҳон
Дунёдаги энг кекса қочқин аёлга Швецияда бошпана бериш рад этилди
00:11 1039 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар