Афсонавий футболчи Пеленинг ўғли бўлган бразилиялик собиқ футболчи Эдиньо (Эдсон Шолби ду Насименту) суд томонидан ўз иши бўйича янги апелляция аризасини кўриб чиқиш вақтига ҳибсдан озод этилди. Бу ҳақда Globo телеканали хабар берди.

2014 йилнинг ёзида Эдиньо пулларни ювиш ҳамда наркобизнесда айбдор деб топилди. Биринчи суд уни 33 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди. Айбланувчи қарорга қарши шикоят билан чиқди, бироқ апелляция натижасида унинг жазо муддати 33 йилдан 12 йил ва 10 ойга қисқартирилди.

24 февраль куни Эдиньо Сантос шаҳридаги (Сан-Паулу штати) полиция бўлинмасига, суд қарорига кўра жазо муддатини ўташ мақсадида келди. Шу билан бирга, унинг ҳимоячилари янги апелляцияни беришди, спортчининг ўзи эса навбатдаги марта айбсизлиги ҳақида маълум қилди.

"Мен тушкун ҳолатдаман. Жуда ҳам афсусдаман, сабаби мен бундай ишни қилмаганман. Мени пулларни ювишда айблашмоқда, бироқ мен буни амалга оширмаганман", - деди у.

Эдиньо футбол бўйича Бразилия чемпионатида дарвозабон позициясида ўйнаган. У ўз фаолиятини 1999 йилда, 29 ёшида якунлашга мажбур бўлган, сабаби мотоциклчи ҳалок бўлишига сабаб бўлган автопойгаларда қатнашгани учун 6 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилганди. Якунда қотиллик учун қамалди, кейинчалик унинг хатти-ҳаракати атайин амалга оширилмаган қотиллик, деб баҳоланди. 2005 йилда оқланди, 2006 йилда эса Эдиньо наркотик моддалар савдосига алоқадорлик учун ярим йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди, бироқ ўшанда ҳимоячилар унинг айбсизлигини исботлашга муваффақ бўлишди.

Ўтган йилнинг ёзида Эдиньо Бразилиянинг "Агуа Санта" клуби мураббийига айланганди.