SIM карта машмашаси ёхуд Ucell’ни севган дўстимнинг бошидан кечирганлари

Жамият 02 Март 2017 24330

Ҳозир бир атама тез-тез тилга олиняпти: “Ташқарида XXI аср”. Бу аср шунчалик тез ривожланяптики, бир пайтлар ўта машаққатли бўлган юмушлар энди уйдан туриб, интернет орқали ҳал бўлмоқда. Ҳатто давлат, сиёсат даражасидаги ишлар ҳам виртуал йўллар билан амалга оширилмоқда. Бу жуда қувонарли ҳолат. Аммо афсуски, бу тараққиётнинг энг соддалари ҳам етиб бормаган ҳудудлар бор, десам муболағага йўл қўймаган бўламан.

Бир танишим Ucell алоқа компанияси билан юзага келган воқеа ҳақида гапириб қолди. Унинг айтишича, бундан бир йиллар муқаддам компаниядан SIM карта олади, яъни у компаниянинг мижозига айланади. SIM картали бўлган дўстим унда Telegram мессенжерини фаоллаштиради ва SIM картани ишлатмай бир четга олиб қўяди. Айтганча, у тадбиркор бўлиб, аксари ишларини мана шу мессенжер орқали юритади. Хуллас, кунлардан бир кун Telegram мессенжеридан саҳифасини фаоллаштириш учун қайта код киритиши сўралади. Дўстим Ucell SIM картасини телефонига жойлаштиради ва унинг блок қилинганига гувоҳ бўлади. Шундан кейин нима қиларини билмай, менинг олдимга маслаҳат сўраб келди.

Бунинг йўли оддий эди - компания операторлари билан боғланиш. Ucell.uz сайтига кириб, оператор билан боғланиш учун у ерда кўрсатилган (93) 180-00-00 телефон рақамларига қўнғироқ қилдим. Робот оператор қўнғироғимга 10 дақиқадан кейин жавоб берилишини айтди. 10 дақиқа-я!.. Иложи йўқ, кутдик. Аммо 16-дақиқага бориб ҳам ҳеч ким жавоб бермади. Қайта қўнғироқ қилдим. Яна ўша аҳвол... 11-дақиқага келиб узиб қўйдим... 27 дақиқа, деярли ярим соат компания оператори билан боғланишга кетди. Аммо натижа кутганимиздек бўлмади. Бунинг устига одамнинг устидан кулгандек, ҳар икки дақиқада робот оператор қўнғироғимизга тез орада жавоб берилишини, кутиб турганимиздан хурсанд эканлигини такрорлайди. Тағин ўзбек, рус, инглиз тилларида. Шу ўринда нега уч тилда, деган савол туғилади. Ўзбек ва рус тилларини-ку тушундик, аммо инглиз тили нимага зарур? Менимча, компаниядагилар бирорта чет эллик биздан SIM карта олса, тилимизга тушунмай, қийналиб қолмасин, деб ўйлашган шекилли. Аммо ўша хорижлик 10 дақиқа кутишга рози бўлармикан? Компания оператори билан тезкор боғлана олмаган ўша чет эллик қайтиб бу компаниянинг юзига қарармикан? Узр, мавзудан четлашиб кетдик...

Хуллас, оператор билан боғланишнинг иложи бўлмади. Айни кунларда президент билан виртуал боғланиш мумкин, аммо Ucell билан боғланиш... Яна сайтга мурожаат этдим. Сайтда компания матбуот хизмати билан боғланиш учун на телефон рақам ва на бошқа воситалар бор. Ҳамма ерда ўша сеҳрли рақам – (93) 180-00-00 ва унинг акаси (93) 181-00-00. 

Биргина йўл қолган эди. Компаниянинг Шаҳрисабз шаҳридаги дилерларига мурожаат қилиш. Йўлга тушдик. Тепасида катта этиб Ucell Shahrisabz rasmiy diler деб ёзилган бинога бордик. Не кўз билан кўрайлик-ки, шишали деворларига бўз тортилган, эшикларига катта-катта қулф осилган дилерлик пенсияга чиққан қария сингари ҳомуза тортиб ўтирарди. Сўраб-суриштириб яна бир шунақа дилерлик марказига бордик. У ердаги ходим Франц Кафканинг “Жараён” романи қаҳрамонларига ўхшаш совуқ ва лоқайдлик билан бизни эшитди ва лабини қимирлатар-қимирлатмас “Буни Қаршида ҳал этишади”, деди. Яъни, биз билан ораси 130 км. масофада бўлган шаҳарни назарда тутяпти. 

Дўстимнинг бизнес ишлари қолиб кетди. Чунки ҳали айтганимдек, у SIM картасини фаоллаштириши, у орқали Telegram мессенжерини ишлатиши ва сўнгра ўз иши билан шуғулланиши лозим. Хуллас Шаҳрисабздан Қаршига бориш 15 минг сўм, келиш 15 минг сўм. Компаниянинг Қаршидаги расмий дилерлиги бу муаммони текинга ҳал қилиб беришмаса керак, тушлик пули, хуллас битта SIM картани фаоллаштириш учун 50 минг сўм пул, асаблар, вақт сарфланади.

Шу ўринда бир гапни айтиб ўтишни лозим кўрдим. Дўстим Ucell компаниясидан узр сўрайди. У бечора ҳар ҳафта олган SIM картасига 1000 сўм-1000 сўм пул ташлаб туришни, бўлмаса карта блок ҳолатига тушиб қолишини қаердан билсин. Мессенжердан шу рақам орқали фойдаланяпман, узилмаса керак, деб ўйлаган-да бояқиш. Майли, ҳеч қиси йўқ бир бурни ерга ишқаланди, энди қайтиб бу хатога йўл қўймайди.

Сарвар Анвар ўғли

Кун янгиликлари
Ўқишга кира олмадингизми? Ташвишланманг, талаба бўлишингиз мумкин 
16:32 25842 Жамият
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 12147 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 83763 Ўзбекистон
Қачонгача аросатда юрамиз?
Фото: Австралия партияси етакчиси сенат йиғилишига паранжида келди
20:59 25 Жаҳон
Барселона марказида микроавтобус йўловчилар устига бостириб кирди
20:53 377 Жаҳон
Душанбеда ўқувчиларни 10-синфга қабул қилишда "тозалаш" ишлари олиб борилмоқда
20:49 465 Жаҳон
Яна икки ўлим: Саудия Арабистони сўнгги тўрт ойда уч шаҳзодасидан айрилди
20:39 3083 Жаҳон
Тарихда биринчи марта Сатурн атмосферасига киришга муваффақ бўлинди
20:25 1220 Жамият
ФИФА йил футболчиси бўлиш учун асосий даъвогарлар рўйхатини эълон қилди
20:19 3826 Спорт
Кўпроқ янгиликлар