Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Тошкент шаҳридаги «Наврўз» ресторанида бўлиб ўтган тадбирда мамлакат хотин-қизларини 8 март байрами билан табриклади.

Президент ўз табригида жамият олдида турган бир қатор вазифалар ҳақида тўхталган.

«Биз одатда жамиятимиз ҳаётига қарши қаратилган хавф-хатарлар ҳақида гапирганда, кўпинча четдан кирадиган таҳдидларни тушунамиз. Лекин эски замондан қолган айрим салбий ҳолатлар, афсуски, бугунги тинч ва ёруғ ҳаётимизга соя солиб турибди. Лоқайдлик, бир-бирини кўролмаслик, оилада эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик, аёлларга беписанд қараш – бундай ярамас иллатлар бизга, бизнинг халқимизга мутлақо ярашмайди», дея қайд этган давлат раҳбари.

Президент бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар томонлама чуқур ўйлаб, мунтазам равишда иш олиб борилиши зарурлигини таъкидлаган.

«Шу мақсадда биз маҳаллий ҳокимликлар ва ички ишлар тизимини, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари тузилмасини тубдан ўзгартирдик, уларга ёшлар билан ишлайдиган қўшимча штатлар бердик. 

Айни шундай ислоҳотларни биз Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги тузилмалари бўйича ҳам амалга оширишни режалаштирганмиз. Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари ваколатларини янада кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, опа-сингилларимизнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, бунинг учун янги имтиёз ва имкониятлар тизимини яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда», дея қайд этган давлат раҳбари.

Унинг фикр билдиришича, буларнинг барчаси юртимизда хотин-қизларнинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, уларнинг ҳаётий манфаатларини янада кенг таъминлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади. 

Бундан ташқари, Мирзиёев «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она» шиори доимий кун тартибида туриши лозимлигини қайд этиб ўтган.

«Биз ёшларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур. Бундай ғоят муҳим вазифани амалга оширишда биз аввало кўпни кўрган кайвони онахонларимизга, маҳалла фаолларига, муҳтарам фахрийларимизга, сиз, азиз опа-сингилларимизнинг ақл-заковатингиз, билим ва тажрибангизга таянамиз. 

Оилаларда тиббий, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларини битириб чиқаётган ёшларимизни, авваламбор, қиз болаларни иш билан таъминлаш давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси бўлиши шарт», деган у.

«Айниқса, қизларимизнинг саломатлигини асраш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарлар эгаси бўлиб вояга етиши, жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши учун биз барчамиз – ота-оналар, жамоатчилик, мутасадди раҳбарлар жавобгарлик ва масъулиятимизни янада кучайтиришимиз зарур. Нега деганда, қиз бола – бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир. Бугун биз уларга қандай таълим-тарбия берсак, эртага улар янги авлодимизга шундай тарбия беради», дея ҳисоблайди Ўзбекистон раҳбари.