Калифорниялик биологлар қонда саратон ҳужайралари изини топиб, ўсимта ўсаётган жойни эрта босқичларда зарарсизлантиришга имкон берувчи қон таҳлили услубини ишлаб чиқишди. Nature Genetics журналида шунга оид мақола чоп этилди

"Биз бу усулни тасодифан кашф қилдик. Дастлаб биз оддий усулни қўллашга ҳаракат қилдик, биз шунчаки организмда саратон ҳужайралари изларини излаб, уларнинг қаерда пайдо бўлишини аниқлашга уринаётгандик. Бошқа ҳужайралардан кимёвий сигналларни сезганимизда шуни англаб етдикки, уларнинг уйғунлашуви организмда ўсимта бор ёки йўқлигини ҳамда унинг қаерда ўсаётганини тушуниб етишга имкон берар экан", - дейди Сан-Диегодаги Калифорния университети олими Кун Чжан. 

Ҳар йили миллионлаб кишилар саратоннинг турли шакллари натижасида ҳаётдан кўз юмади. Уларнинг катта қисми (Америка соғлиқни сақлаш хизмати статистикасига кўра, 90 фоизи) саратон ташхисининг ҳаддан ташқари кеч қўйилиши, яъни саратон ҳужайралари организмда тарқала бошлаб, иммун тизими бунга қаршилик қила олмаслиги  билан боғлиқ. 

Шунинг учун олимлар сўнгги йилларда саратонни эрта босқичларда аниқлаш воситаларини ишлаб чиқишмоқда. 

Тиббиёт ходимлари бу алгоритмни Калифорния университети клиникасида даволанаётган саратонга чалинган кишиларнинг қон намуналарида амалда текшириб кўришди. Тадқиқот натижаларига кўра, Чжан ва унинг ҳамкасблари алгоритми саратон манбаини 82-90 фоиз аниқлик билан топишга имкон беради. Олимлар эрта ва аниқ ташхис саратон туфайли ҳаётдан кўз юмувчи кишилар сонини камайтиришига умид қилишмоқда.