Мисрлик таниқли археолог Заҳий Ҳавасс Месси билан Қоҳирадаги хайрия тадбири доирасида учрашгани ҳақида гапириб берди.

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ўтган ой охирида Мисрга ташриф буюриб, С гепатити билан курашиш бўйича фонд ташкиллаштирган хайрия тадбирида иштирок этиб кетганди.

«Кечирасизлару, Месси аҳмоқ экан. Мен у билан гаплашганимда юзида ҳеч қандай ҳиссиётни кўрмадим. У мен гапирган нарсаларга умуман қизиқиш билдирмади.

Бундай бўлади деб ўйламагандим. Мен унга пирамидалар ичидаги махфий жойлар, ўтмиш қироллари, Тутанхамон сулоласи ҳақида гапирдим. Ундан садо чиқмади. Бу гаплар унда ҳеч қандай қизиқиш уйғотмади. Месси ўзини яхши тутди, аммо у фақат футбол билан қизиқаркан», дея Ҳавасснинг сўзларини келтирган As нашри.

Заҳий Ҳавасс Миср қадимияти бўйича олий кенгаш бош котиби сифатида фаолият юритган. У Қадимги Мисрнинг тарихи ва маданиятини оммалаштириш билан фаол равишда шуғулланади. 2006 йили Time журнали уни дунёнинг энг нуфузли 100 нафар олими сафига киритган.