Классик дизайнга эга автомобилларни замонавий техник қурилмалар билан жиҳозлашга ихтисослашган Eadon Green британ стартапи Женева автосалонида Black Cuillin ретро-спорткарини тақдим қилди. Икки эшикли модел 12 цилиндрли мотор билан жиҳозланган.

Янги машина ҳақида маълумотлар кам. Шуниси маълумки, моторнинг ҳажми 6 литрни ташқил қилади. Машинанинг спидометридан у соатига 170 милгача (274 км/соат) юриши мумкинлигини кўриш мумкин.

Компанияда таъкидланишича, спорткар дизайни 1930-йиллардаги Alfa Romeo 8C 2900 машинаси услубида бажарилган. Машина суратларидан у электр созлагичли ўриндиқлар, навигацияга эга мультимедиа мажмуаси, двигателни тугма билан ишга тушириш тизими билан жиҳозлангани ва чарм билан қопланганини кўриш мумкин.

Шунингдек, салонни безашда ёғоч ва металл элементлар ҳамда  Garrick England компанияси соатлари қўлланган.

Янги машинанинг нархи ва серияли тарзда ишлаб чиқарилиши ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган.