NASA коинот агентлигининг яқин йиллар учун режаси тасдиқланди

Технология 09 Март 2017 3629

АҚШ ҳукумати 7 март куни NASA коинот агентлигига 19,508 млрд долларлик бюджетни таъминловчи қонун лойиҳасини тасдиқлади, бу эса 2016 йилги бюджетдан 208 млн долларга кўпроқни ташкил қилади. Бундан ташқари, ҳукуматда агентлик барча кучларини сафарбар қилиши ва воз кечиш керак бўлган лойиҳалар таъкидлаб ўтилди. Конгресснинг бирор аъзоси агентлик бюджетининг оширилишига қарши чиқмаган.  

Хўш, агентлик мамлакат раҳбарияти ишончини қозониш учун нималарга ўз эътиборини қаратиши керак? Биринчидан, ажратилган бюджет агентликдан одамлар 2030 йилгача Марс орбитасида ёки унинг сиртида бўлиши учун барча мумкин бўлган ишни бажаришни талаб қилади. Қонун лойиҳасида коинотни тадқиқ қилиш бўйича лойиҳалар аввал Ер атрофидаги орбита, кейин эса Ой томон ва шундан кейингина унинг ташқарисига чиқиши кераклиги алоҳида банд қилиб ажратилган. Агентлик навбатдаги маротаба Ойни забт этгандан кейин, Марсга одамларни етказиш ҳақида ўйлаши мумкин бўлади.

Қонун лойиҳаси 146 бетлик бўлиб, қуйида унда учрайдиган энг эътиборли жиҳатларни келтириб ўтамиз. Мисол учун, ҳукумат агентликдан йирик астероидларни ушлаб, уни Ой орбитасига тадқиқ қилиш учун етказиш ғоясидан воз кечишни талаб қилди. Конгресс барча кучни Марсга одамларни юбориш лойиҳасини ишлаб чиқишга йўналтиришни талаб қилган. 

Шунингдек, Юпитернинг ойларидан бири – Европага зонд юбориш лойиҳаси маъқулланди. Бундан ташқари, NASA’дан инсоннинг ер атрофидаги орбитадан ташқарида доимий бўлишини кенгайтариш талаб қилинмоқда. SLS ракета ташувчиси ва Orion коинот кемасининг учувчисиз синов парвози 2018 йилга белгиланган. 2021 йилда шу кема америкалик фазогирларни Ойга етказади. Шунингдек, NASA одамлар ва юкларни етказиш учун товушдан тез ва гипертовушли самолётларни яратиши керак. Коинот агентлигининг киберхавфсизлигини кучайтириш алоҳида банд қилиб кўрсатилган.

Кўпроқ янгиликлар