Ferrari илк автомобили чиққанининг 70 йиллигини нишонламоқда

Технология 12 Март 2017 3444

Италиянинг автомобилсозлик концерни Ferrari 12 март куни концерн асосчиси, машҳур Энцо Феррари ўзининг маркаси остида чиққан илк автомобилнинг двигателини ишга туширганининг 70 йиллигини нишонлайди.

"Маранелло кўчаларида ўтказилган тест-драйв Ferrari’нинг замонавий тарихини бошлаб берди", деб айтилди компания матбуот хизматида. Гап "125 S" модели сифатида маълум бўлган спорт машинаси ҳақида кетмоқда. Бу машинанинг капотида марканинг сариқ фонда гижинглаётган от тасвирланган эмблемаси ўрнатилган бўлган.

12 цилиндрли двигателга эга автомобилни пойгага биринчи бўлиб 1947 йил 11 май куни таниқли италиялик пойгачи Франко Кортезе олиб чиққан. Кортезе пойгада етакчилик қилганига қарамасдан, болиднинг ёқилғи насосида носозлик юзага келгандан кейин пойгадан чиқиб кетган. "Коммендаторе" тахаллусини олган Феррарининг ўзи буни "келажаги порлоқ муваффақиятсизлик" деб атаганди. Кейинчалик машина пойгаларда 6 марта ғолиб бўлган.

Компаниянинг ғояси бўйича, байрам 60 та давлатда нишонланади ва барча байрам тадбирлари "жавоҳири" LaFerrari Aperta гиперкарининг намойиши бўлади. Режага кўра, барча шодиёналар 9-10 сентябрда компаниянинг Маранеллодаги базасида якунланади.

Эътиборлиси, Ferrari’нинг 2017 йилги "Формула-1" пойгасида иштирок этадиган болидлари концерннинг 70 йиллигига бағишланган махсус SF70H индексини олди.

 

Кўпроқ янгиликлар