Колумбиянинг марказий қисмидаги Толима департаментида Google томонидан асос солинган X компаниясига тегишли Project Loon ҳаво шари ҳалокатга учради. Маҳаллий фермерлар қулаган объектни ўзга сайёраликлар деб ўйлашган, деб хабар бермоқда Би-би-си.

Маҳаллий фуқароларнинг аниқлик киритишича, улар ўзларига номаълум бўлган объектдан “даҳшатга” тушишган. “Ундан тутун ва ғалати суюқлик чиқиб кетди”, - дея таъкидлаб ўтди Сан Луис шаҳри вакили. Аввалига кишилар объектни НУЖ ёки фазовий кеманинг парчаси деб ўйлашган.

Би-би-си маълумотига кўра, объект аслида нима экани ва кимга тегишлилигини полиция аниқлаб берган. Унинг ҳалокатига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Маълумот учун, бу Project Loon ҳаво шарининг биринчи марта қулаши эмас. 2016 йилнинг февралида ҳам шундай ҳодиса кузатилган, ўшанда объект Шри-Ланкадаги чой плантациясига тушганди. Шар синовдан ўтказиш жараёнида бўлган.

Loon лойиҳаси ҳақида 2013 йилнинг ёзида маълум қилинган. Google бутун дунёни (жумладан, узоқ туманларни) интернет билан стратосферада ҳаракатланувчи ҳаво шарлари таъминлаш ниятида.