Чикаголик боғча тарбияланувчиси туғилган кун нишонлаш ўрнига уйсизларни тўйдиришга муваффақ бўлди. 

Бу ойнинг бошида 6 ёшга тўлган Армани Крюс исмли қизча ота-онасидан бир неча ой давомида уйсиз кишиларга озиқ-овқат улашишни сўраган. Аввалига, ота-она қизининг бу таклифини ҳазил деб ўйлаган.

Қизнинг онаси Артеша Крюснинг айтишича, у Арманига бошпанасизлар учун бир неча сэндвичлар тайёрлаб беришини таклиф қилган. Бироқ қизча ундан худди туғилган кунда бўладиган зиёфатни илтимос қилган. 

Арманининг отаси Антуан қизига агарда бу ишни қиладиган бўлса, унга туғилган кун совғасини бермаслигини маълум қилган. Бироқ шунга қарамай, қизча ўз фикридан қайтмаган.

Шу тариқа чикаголик оила Гарфилд боғидаги бошпанасиз кишиларни тўйдириш учун 300 доллар ҳисобида пул сарфлади ва уларга барча зарурий егуликларни олиб келди. 

Арманининг бу ташаббусидан сўнг Конгрегация аъзолари бошпанасизларга ёрдам кўрсатиш мақсадида маблағлар йиғишди. Арманининг туғилган куни 125дан ортиқ инсонлар орасида чиройли ўтди. 

«Қизим жуда ҳам хурсанд бўлди. Барча тўқ, миннатдор эди. Бир кишининг айтишича, у узоқ вақтгача иссиқ таом тановул қилмаган экан», - дейди Арманининг онаси.

Айни дамда олти ёшли қизалоқ уйсизлар учун яна бир бошқа зиёфатни ўтказишни режалаштирган. Онасининг айтишича, уларнинг оиласи бу боғга яқин кунларда яна қайтади.