Жорий йилнинг 16 март куни Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 110-мактабда туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, суд ижрочиларнинг туман бўлими ва маҳалла фаоллари иштирокида "Маҳалла-Оила-Мактаб" тамойилидан келиб чиқиб, профилактика куни ўтказилди.

Йиғилишда Миробод тумани прокурори ўринбосари А.Пўлатов, Суд ижрочиларнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Садриддин Хидиров, Суд ижрочиларнинг туман бўлим бошлиғи-катта суд ижрочиси Ш.Мақсудов, Миробод тумани ИИБ раҳбарияти ва профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирок этди. 

Тадбирда вояга етмаган ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича тегишли чоралар ҳақида, шунингдек, кейинги вақтларда ижтимоий тармоқлардаги “Кўк кит” ўйини ва унинг хавфли оқибатларидан ёшлар огоҳлантирилди. 

Бугунги кунда инсон онгига салбий таъсир кўрсатадиган ахборот-психологик таҳдидлар ортиб бораётгани, интернетдан фойдаланиш маданиятига риоя этмайдиган айрим ёшлар уларнинг тузоғига илиниб қолаётгани таъкидланди.

Кейинги вақтларда ота-оналарнинг болаларига етарлича эътибор бермаслиги, ўқувчилар таълим муассасасига бормасдан Интернет клубларида вақтини ўтказиши муҳокама қилинди. 

Маълум бўлишича, тумандаги айрим ўқув муассасаларининг давомати ўрганилганда 20 фоиз ўқувчилар дарс машғулотларига қатнашмагани аниқланган.

Шунингдек, йиғилишда вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги, кейинги вақтларда вояга етган фарзандлар ўз ота онасига ғамхўрлик қилмасдан ташлаб қўйилгани ва ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 123-моддасига биноан жиноий жавобгарлик жорий этилгани таъкидлаб ўтилди.