2017 йил 15 мартидан Тошкент шаҳрининг 115та чорраҳасига ўрнатилган камералар қоидабузарликларни қайд этиб, транспорт воситалари эгаларига жарима мактубларини юбориш синов тариқасида бошланган эди. 15 мартдан 16 мартгача бўлган бир кун ичида мазкур камералар ёрдамида 10 мингдан ортиқ қоидабузарлик қайд этилгани ҳақида хабар қилинди. 

Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларда эса, камералар мавзуси энг жиддий муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. 

Хусусан, айрим фойдаланувчилар “антикамера” дея давлат рақамига қуриган баргни ёпиштириб олган Матиз русумли автомобиль суратини тарқатишаётган бўлса, бошқалари турли фильмларга овоз бериб, камералар борасида мулоҳаза юритишган. Албатта, буларнинг аксарияти ҳазил тариқасида жойлаштирилган. 

Шу ўринда, эслатиб ўтмоқчимиз, давлат рақамларини камерага тушмайдиган тарзда ҳар қандай йўл билан бўлсин қайта жиҳозлаш навбатдаги қоидабузарликни англатади ва жарима солинишига асос бўлади. Бу ҳақда аввалги хабарларимизда маълум қилган эдик. 

Бу каби фото ва видеомаҳсулотларга тармоқ фойдаланувчилари ҳам ўз фикрларини билдиришмоқда. Шулардан айримлари камералар ишга туширилиб тўғри қилингани, Тошкент шаҳар кўчаларидаги бебошликлар, ҳайдовчиларнинг ўзаро бир-бирини ҳурмат қилмаслигига чек қўйилгунга қадар бу жараённи кучайтириб бориш зарурлиги хусусида фикр билдиришган. Баъзи бирлари Йўл ҳаракати қоидаларига бўйсуниб машина бошқаришни тавсия қилишган.