2017 йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Францияга расмий ташрифи доирасида Париж шаҳрида MEDEF Interneshnl Бош директори Филипп Готе билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

MEDEF Interneshnl ҳозирги кунда 750 мингдан зиёд француз компания ва фирмаларини бирлаштириб турган Француз корхоналари ҳаракати MEDEF’нинг халқаро бўлинмаси ҳисобланади.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳаларда Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш истиқболлари борасида фикр алмашилди.

Музокаралар давомида Франция тадбиркорларининг Ўзбекистондаги шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришига, жумладан Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган кенг миқёсли 2017 2021-йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ўзаро манфаатли асосда иштирок этишига қизиқиш билдирилди. Шу мазмунда учрашувда MEDEF Interneshnl етакчилигида Франция бизнес доиралари нуфузли делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳрида қўшма бизнес-форум ўтказиш масалаларининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.