Ўзбекистон Республикасининг Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров ва Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский ҳар томонлама ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар бермоқда.

Томонлар ҳужжат доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва икки давлат ўртасидаги экспорт-импорт алоқаларни ошириш ниятидалар.

Губернатор Борис Дубровскийнинг таъкидлашича, Жанубий Урал ҳар доим Ўзбекистон Республикаси билан қалин алоқаларга эга бўлган. Унинг айтишича, Челябинск вилояти Ўзбекистонга экспорт оқими ошиши учун барча саъй-ҳаракатларни кўрмоқда ҳамда бунинг учун ҳамкорликнинг янги йўналишларини таклиф этишга тайёр.

Дубровский вилоятлар ўртасида меморандум имзоланиши минтақалараро даражада аниқ лойиҳаларни амалга ошириш имконини беришига ишонишини айтиб ўтди.

«Ўзбекистон Республикаси президентининг Россия Федерациясига 2017 йилнинг апрелида режалаштирилган ташрифи доирасида бизнинг учрашувимиз стратегик аҳамиятга эга. Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ҳудудлар ўртасида ишончли ва узоқ муддатли алоқаларни ўрнатишга ҳамда экспорт-импорт алоқалари ва ҳар томонлама ҳамкорликни оширишга имкон беради», - дея аниқлик киритди Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров.

Борис Дубровский ва Хайрулло Бозаров иқтисодий ва гуманитар алоқалар, туризм, тиббиёт, маданият ва таълимни ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқишди.

Челябинск вилоятининг Ўзбекистонга расмий жавоб ташрифи жорий йилнинг октябрига режалаштирилган.

Шунингдек ташриф давомида Челябинск вилояти таълим ва илм-фан вазири Александр Кузнецовнинг Наманган давлат университети ректори Абдусалом Умаров ва Наманган муҳандислик-технология институти ректори Одилжон Маматкаримов билан учрашуви ўтказилди.

Томонлар Россия ва Ўзбекистон таълим тизимларининг ўзига хос жиҳатларини муҳокама қилиб, икки вилоятнинг илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш соҳасидаги ўзаро алоқалари йўналишини белгилаб олишди.

Ўзбекистон делегацияси иқтисодиётнинг амалий вазифаларини биргаликда ҳал этиш, профессор-ўқитувчиларни ўзаро алмашиш, қўшма илмий-амалий анжуманлар ўтказишга қизиқиш билдирди.

Наманган вилоятининг ректорлар корпуси расмий ташрифи Жанубий Уралнинг етакчи ОТМларида давом эттирилади, унинг давомида таълим ва илм-фан соҳаларида ҳамкорлик ҳақида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ташриф давомида Челябинск вилояти соғлиқни сақлаш вазири Сергей Кремлев ва Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ҳамкорлик ҳақидаги келишувни имзолашди.

Томонлар келишув доирасида соғлиқни сақлашнинг турли масалаларида тажриба алмашишни мўлжаллаган. Хусусан, томонлар давлат-хусусий шериклик ва тиббиёт технологияси ҳамда тиббий хизматлар менежменти соҳасига янги ютуқларни татбиқ этишни режалаштирган.