Электромобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Tesla компанияси ўзининг илк оммавий моделини ишлаб чиқаришга тайёрланар экан, бошқа йирик компаниялар ҳам бу борада ортда қолишни истамаяпти, аксинча, ўз электромобилларининг концептларини ишлаб чиқмоқда. Айримлари лойиҳалаш ишларини поёнига етказаётган бўлса, бошқаларининг модели 2020 йилда тайёр бўлади. Шундай экан, даставвал, Tesla мижозларига нима таклиф қилаётганини ёдга олсак. 

Биринчи модели бу — Model X кроссовери. 

Tesla Model X 381 километрга ета олади. Аккумулятор қуввати: 75 кВт/соат бўлиб, 0-100 км/соат тезликка  6 сонияда эришади. Энг юқори тезлиги 209 км/соат. Нархи 88 800 АҚШ доллари туради. 

Харидорларга, шунингдек, дабдабали Model S седани ҳам таклиф этилади. 

Tesla Model S 351 кмга етади. Аккумулятор ҳажми 60 кВт/соат. Тўхтаб турган жойидан 100 км/соат тезликка 5,2 сонияда эришади. Энг юқори тезлиги 209 км/соат. Унинг нархи 73 800 доллардан бошланади. Энди бу моделларни ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилиши кутилаётган арзонроқ Tesla электрокари билан қиёслаймиз.  

Tesla Model 3 346 кмга етади. 0 дан 100 км/соат тезликка 6 сонияда эриша олади. Нархи 35 000 доллардан бошланади. 

Қуйида Tesla компанияси билан рақобат қила оладиган компаниялар учлиги хусусида. Улар мижозларга нима таклиф эта олади?

Porsche Mission E. 

 

Бу модел илк маротаба 2015 йилда намойиш этилган эди. Уни 2020 йилда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Айтиш жоизки, ушбу модел тавсифи Tesla намунасидан анча юқоридир. Porsche Mission E 500 км масофага етади. Аккумулятор сиғими 440 кВт/с. 0 - 100 км/соат тезликка 3,5 сонияда эришади. Энг юқори тезлиги 250 км/соат бўлиб, қиймати ҳозирча номаълум. 

Audi 3 Sportback e-tron. 

 

Audi 3 Sportback e-tron — бу тўлиқ электромобиль эмас, аксинча гибрид транспорт воситасидир. У ўзида анъанавий двигатель ва электромотор билан жиҳозланган. Электромотор воситасида 148 кмга етиб олиш мумкин. Аккумулятор сиғими 26,5 кВт/соатни ташкил этади. Энг юқори тезлиги соатига 143 км бўлиб, 38 900 доллар туради.  

Mercedes Generation EQ. Ушбу ҳашаматли Mercedes электрокари 2019 йилда бозорга чиқарилади. Унинг тавсифи билан қиймати ўзаро таққосланадиган бўлса, унчалик ҳам қиммат эмас. Атиги 45 минг доллар туради. Бир марта қувватланиш билан 500 кмга етади. Аккумулятор сиғими 300 кВт/соат бўлиб, 100 км/соат тезликка 3 сонияда эришади. 

Биз эса, харидорлар муҳаббатини юқоридаги компаниялардан қай бири қозонишини кузатамиз.