Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимизни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан янада тўлдириш, халқимизнинг эҳтиёжидан ошиқча маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилиш кўламини кенгайтириш, шу орқали қишлоқ меҳнаткашларининг даромадини ошириш, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда кейинги йилларда аграр соҳани ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашни янада кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ўзининг юксак самарасини бермоқда.

Шундан келиб чиқиб, 2017 йил 29 март куни Андижон қишлоқ хўжалик институтида USAID (Америка Қўшма Штатлар иқтисодий ривожлантириш) билан ҳамкорликда «Мева ва сабзавотлар ҳамда қайта ишланган маҳсулотларда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти» мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Семинарда USAID нинг Ўзбекистондаги офиси директори–Жон Риордан жаноблари, USAID нинг Ўзбекистондаги минтақавий маслаҳатчиси-Райдер Рожерс жаноблари ва AVC дастури мутахассислари Улуғбек Бекчанов, Жасурбек Рустамов, Шавкат Раҳматуллаев ҳамда институт профессор-ўқитувчилари, магистрлар ва иқтидорли талабалар қатнашдилар.

Семинар-тренинг доирасида Ўзбекистоннинг ҳўл ва қайта ишланган мева ва сабзавотлар бўйича экспорт салоҳияти, Халқаро стандартлар ва ташқи бозор талаблари хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Маърузаларда нафақат институт профессор-ўқитувчилари, докторант ва магистрлари, бундан ташқари бугунги маърузада қатнашаётган келажакда мева ва сабзавотлар ҳамда қайта ишланган маҳсулотларда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва юксалтиришга катта ҳисса қўшадиган талабалар учун ҳам жуда фойдали маълумотлар берилди.

Институтга ташриф буюрган меҳмонлар институт ҳудудида ташкил қилинган Лимонарияда бўлиб, иссиқхонада цитрус мевалар, хусусан, лимон етиштириш, помидор ва бодрингдан мўл ҳосил олиш бўйича тўпланган тажрибалар билан танишдилар.

Тадбир доирасида иштирокчиларга институт профессор-ўқитувчи, катта илмий ходим изланувчилари, магистрлар ва иқтидорли талабалар томонидан яратилган янги илмий ишланмалар ҳам намойиш этилди.

Ушбу семинар-тренинг барча қатнашчиларда катта таассуротлар қолдирди ҳамда келгусида Ўзбекистоннинг ҳўл ва қайта ишланган мева ва сабзавотлар бўйича экспорт салоҳияти мустаҳкамлашга қаратилган шундай тренингларни кўпроқ ўтказиш ҳам режалаштирилди.