Ipsos Strategic таҳлилий агентлиги томондан чоп этилган экзит-полл натижаларига кўра, Сербия бош вазири Александр Вучич Сербия президенти сайловларида 58,1 фоиз овоз билан ғолиб бўлди.

Сербиянинг собиқ омбудсмени Саша Янкович 13,8 фоиз овоз билан 2-ўринни, сиёсатчи-пародиячи талаба Лука Максимович 9,3 фоиз овоз билан 3-ўринни эгаллади.

2 апрелда ўтган сайловларда ҳаммаси бўлиб 11 номзод иштирок этган. 1-босқичдаёқ ғолиб бўлиш учун сайловчиларнинг ярмидан кўпроғининг овозини тўплаш керак. Акс ҳолда 2 ҳафтадан кейин энг кўп овоз тўплаган икки номзод орасида 2-босқич бўлиб ўтади.  

Сербияда президент 5 йиллик муддатга сайланади. Яна бир муддатга сайланишга ҳуқуқи бўлган амалдаги президент Томислав Николич Сербия тараққиёт партияси томондан қўллаб-қувватланмагани сабабли сайловларда иштирок эта олмади.