5 апрель куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Сергели ва Яккасарой тумани аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди. 

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, давлат орган ходимлари, тегишли идора раҳбарлари ҳамда муаммоси мавжуд бўлган фуқаролар иштирок этишди. 

Сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига туман аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мамлакат фуқаролари ва табдиркорларидан Яккасарой тумани бўйича жами 6236 мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 2807таси жисмоний шахслардан ҳамда 429таси юридик шахслар томонидан йўлланган. 

Айни дамда мурожаатларнинг 5592таси кўриб чиқилган бўлиб, 644 мурожаат эса кўриб чиқиш жараёнида. 

Бугун ўтказилган сайёр қабул жараёнида фуқаролар тўғридан-тўғри тегишли идора раҳбарларига ўз муаммоларини айтиб, жавоб олишга муваффақ бўлишди. Мурожаатларнинг аксарияти ечимини топди, баъзи муаммоларни эса батафсил ўрганиш бўйича мутасадди идора ва ташкилот вакилларига тегишли топшириқлар берилди.