«Жамият» газетаси журналисти Норбобо Шакаров муаллифлигида «Журналистларни нега ёқтиришмайди?» номли мақола эълон қилинди. Ушбу мақола газетанинг 31 март кунги 13-сонида чоп этилган.

Иш юзасидан бир туман ҳокимига қўнғироқ қилишга тўғри келди. Аммо ҳарчанд уринмай, ҳокимга улана олмадим. Шундан кейин вилоятдаги таниқли журналист дўстимдан ёрдам сў­радим. У менга вилоятдаги барча туман ҳокимлари билан боғланиш мумкин бўл­ган корпоратив телефон рақамини айтар экан, огоҳлантирди: – Фақат журналист эканлигингизни айтманг, акс ҳолда улаб беришмайди…

Аввалига унинг маслаҳатини ҳазилга йўйдим. Бироқ биринчи уринишдаёқ коммутатор навбатчисидан «Ҳозир бу туман билан алоқа йўқ, кейинроқ қўнғироқ қилинг» деган жавобни эшитгач, дўстим ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Бироздан сўнг бошлиқларга хос жиддий оҳангдаги сўровимга жавобан мен излаган туман ҳокимининг тиниқ овози эшитилди…

Афсуски, журналистлар фаолиятида бунга ўхшаш ҳолатлар тез-тез учрайди. Турли даражадаги раҳбарлар ва амалдорлар журналистлар билан учрашувдан ўзини олиб қочадиган, гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона йўллар билан тайсаллайдиган бўлиб қолгани кузатилмоқда. Бунга истаганча мисол келтириш мумкин.

Хўш, жамиятимизда журналистларни ёқтирмаслик муҳити қандай пайдо бўлиб қолди? Ахир улар яқин-яқинда ҳам ҳамма жойда кутилган меҳмон, халқимизнинг ардоқли суянчиқлари, ҳожатбарор касб эгалари сифатида шарафланарди. Журналистлар давлат ҳокимияти органлари билан халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприк эди. Афсуски, айрим раҳбарларнинг оёғи ердан узилиб, ҳаволангач, улар билан қалам аҳли ўртасидаги алоқа узила бошлади, оқибатда ана шу кўприк секин-аста қулаб тушди. Бунинг аччиқ сабоқларини биз Бош вазирнинг, кейин­ча­лик Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Виртуал қабулхонасига айлантирилган электрон манзилга, жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналарига халқимиздан тушаётган, иборали айтганда, ёмғирдай ёғилаётган ариза ва шикоятлар мисолида ҳам кўриб-билиб турибмиз. Бунга биз, журналист­лар ҳам айбдормиз, албатта. Чунки, «тўртинчи ҳокимият» вакили сифатида етарлича шижоат, жасорат, фидойилик кўрсата олмаяпмиз, халқимизнинг дардига дармон бўлишга ярамаяпмиз!

Яна бир гап. Кейинги пайтларда Миллий матбуот марказида турли-туман даражадаги раҳбарлар билан журналистларнинг учрашувлари бироз фаоллашди. Вазирлар ва идоралар журналистлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш нақадар зарур эканини дафъатан англаб қолди, деб ўйлайсизми? Бир қарашда шундай! Аммо Вазирлар Маҳкамаси мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режасини тасдиқлаб, амалиётга киритмагунига қадар қайда эди бундай очиқ мулоқотлар?

Лекин бу таомил чекка ҳудудларда амалиётга етарли даражада татбиқ этил­япти, деб бўлмайди. Туман ҳокимининг ёки қуйи даражадаги мансабдор шахсларнинг журналистлар билан учрашувдан ўзларини олиб қочишини, бошқача айтганда, журналистларни ёқтирмаслигини англаш қийин эмас.

Одатда, қаерда камчилик ва нуқсон кўп бўлса, ўша ерда журналист­ларни хушламаслик кайфияти қарор топади. Бундай жойда журналистнинг пайдо бўлиши безовталик ва саросимага сабаб бўлади. Уйдаги гап кўчага чиқишидан ҳадиксирайдилар. Бундай ҳол, айниқса, ҳуқуқ-тартибот органлари ва банк тизимида кенг илдиз отган, десам хато бўлмайди. Ушбу соҳа ходимлари ўзларининг атрофида танқиддан холи муҳитни яратишга зўр бериб ҳаракат қилади. Бунга ҳатто қонуний тус ҳам берилган.

Масалан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси 6-бандига қаранг. Унда прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз дастлабки тергов материалларини чоп этиш тақиқланган. Айнан шу сабабли ҳаётимизда учрайдиган айрим салбий иллатлар жамоатчилик назаридан панада қолиб ­кетяпти.

Афсуски, уларни фош этиш, бу тўсиқларни ёриб ўтиш, гарчи, бир талай қонунларимиз бўлса-да, журналист­лар учун жуда қийин кечяпти. Энг ёмони, кўпчилик «Оммавий ахбарот воситалари тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларни билмайди ёки билса ҳам амал қилмайди.

Бир гал республиканинг нуфузли ҳуқуқ идораларидан бирига бориб, амалдаги қонунга биноан, тегишли мавзу бўйича журналист текшируви ўтказаётганим ва айрим маълумотлар зарурлигини айтдим. Шунда суҳбатдошимнинг жаҳли чиқиб кетди.

– Қани ўша қонун, менга кўрсатинг-чи?– деди ўдағайлаб.

Тўғриси, бундай идорада бу хилда савол берилишини ҳеч ҳам кутмаган эдим.

– Бу қонун сизда бўлиши керак-ку, ахир,– дедим, шаҳдим сусайиб.

Бу воқеа жуда катта сабоқ бўлди менга. Шундан буён соҳамизга оид қонунларни доимо ёнимда олиб юраман. Бу одатим мени кўп марта қийин вазиятлардан қутқарган. Чунки, баъзи кишиларга қонунларни сўзда айт­гандан кўра, ўзини кўрсатиш кучли таъсир этар экан! Тошкент вилоятидаги пахта тозалаш корхоналарининг бирида бўлиб ўтган воқеа бунга яққол мисол. Завод директори билан суҳбат чоғида иш ҳақига доир саволни бердим.

– Нима, сиз терговчимисиз? – деди у авзойи ўзгарган ҳолда киноя билан.

– Афсуски, йўқ, агар терговчи бўлганимда сиз билан бу ерда эмас, бошқа жойда гаплашган бўлардим, – дея жавоб қайтардим мен ҳам киноя билан ва ёнимда олиб юрган «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунни чиқариб, унинг 5-моддасини ўқишини илтимос қилдим. Мулоқотимиз совуқ ўтди, бироқ барча саволларимга тўлиқ ва аниқ жавоб олишга эришдим.

Журналистга бўлган бундай беписандлик одатда, оддий халқ билан мулоқот қилишдан, унинг муаммоларини тинглашдан ва ечимини топишдан ўзини олиб қочадиган, қисқаси халқни ёқтирмайдиган амалдорларда кўпроқ учрайди. Негаки, журналист халқнинг кўрадиган кўзи, эшитадиган қулоғидир! Журналист эшитган сўзни бутун халқ эшитади, кўрган манзарани бутун халқ кўради.

Барча касбнинг ўзига яраша масъулияти бор. Бироқ журналист масъулияти бошқача – у баъзан жасорат ва жасурлик ҳам талаб этади. Чунки ҳақ сўз ва холис фикр айтиш учун бундай фазилат жуда зарур. Айниқса, Халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йилида унинг аҳамияти янада кучайди. Негаки, халқ янада эмин-эркин сўзлай бошлади, ўзларини қийнаётган муаммоларни яширмаяпти. Бинобарин, уларнинг ҳал этилиши фаровонликка, барча жабҳада ривожланиш ва тараққиётга йўл очади. Келажаги буюк давлатнинг бундан бош­қа йўли йўқ!