“Ўзбекенгилсаноат” АЖ корхоналари экспорт географияси кенгайиб, 54 та мамлакатни қамраб олган. 

Бундан ташқари, “Ўзбекенгилсаноат” корхоналари томонидан хорижда таъсис этилган савдо уйларининг сони тобора ортиб бормоқда. 2016 йилда уларнинг умумий сони 44 тага етиб, 2015 йилга нисбатан ўсиш суръатлари 110 фоизни ташкил қилди. 

Шунингдек 2016 йилда ишга туширилган қувватларнинг умумий қиймати 123,0 млн. долларни ташкил қилди. Янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга солиниши ҳисобига “Ўзбекенгилсаноат” АЖнинг экспорт салоҳияти бир йилда 53,3 млн. долларга ортди ва айни пайтда 3165 та янги иш жойлари яратилди.  

2016 йил якунлари бўйича тармоқнинг 200 дан ортиқ корхоналари хорижда ва Ўзбекистонда ўтказилган 23 та кўргазма ва ярмаркаларда муваффақиятли қатнашдилар, ва уларнинг натижалари бўйича 1,021 млрд. доллардан ортиқ миқдордаги узоқ муддатли контракт ва шартномалар тузилган бўлиб, бу 2015 йил кўрсаткичларига нисбатан 2,4 баравар кўпдир. 

Бизнес-форумлар ва “В2В” форматида бевосита музокараларни ўтказиш йўли билан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда янги, салоҳиятли харидорларни излаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг маҳсулотларининг хорижий истеъмолчилари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ишлари фаоллаштирилган.  

Болгария, Туркия, Украина ва Беларусда ўтказилган биргаликдаги тадбирлар натижалари бўйича ушбу мамлакатларга қиймати 50 млн. доллардан ортиқ тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қўшимча битимлар тузилишига эришилди.