Марғилонда ўз укасини ўлдирган шахс 7 йилга қамалди

Жамият 12 Апрель 2017 9204

Қосим ака (исм-фамилиялар ўзгартирилган) “Машина олсак, ака-ука иккаласи навбат билан миниб, рўзғорларини тебратишади”, дерди. Ниҳоят, бироз уринган, лекин кўринишидан янги “Матиз” русумли автомобилни сотиб олишди. Отахон ака-ука сан-манга бормасин, деган ўйда автомобилни турмушга чиққан, алоҳида турадиган тўнғич қизининг номига расмийлаштирди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Моҳирахон укалари билан маслаҳатлашиб, ўзаро келишиб олди. Катта укаси йигирма олти яшар Салмонбек кундуз кунлари, кичиги – йигирма тўрт ёшга кирган Мавлонбек кечқурунлари “Матиз”да киракашлик қиладиган, кунига опаларига йигирма минг сўмдан келтириб бериб турадиган бўлишди.

-  Бу пуллар ҳам ўзларингники. Тўплаб, ой охирида ўзларингга қайтариб бераман, - деди Моҳирахон. – Аммо-лекин ичкиликни бас қилинглар. Фалокат оёқ остида, “права”ни олдирасиз. Бунисиям майли-ю, Худо кўрсатмасин тағин...

-  Эй, опа! Нафасингизни иссиқ қилинг, - деди Салмонбек. – Ёш бола эмасмиз. Қоидани бузмасдан ишлаймиз. Машинани авайлаб минамиз-а, Мавлонбек.

-  Хавотирланманг. Бугундан бошлаб бир грамм ҳам ичмайман.

Ака-ука оилалари билан кўпқаватли турар жой биносида, ёнма-ён хонадонларда истиқомат қилишарди. Салмонбек саҳар ишга чиқиб кетиб, соат беш ярим-олтиларда қайтиб келар, “Матиз”нинг калитини Мавлобекка берарди.

Орадан бир ой ўтди. Ярим тур. Ҳаво дим. Салмонбек деразаларни ланг очиб қўйди. Уйқуси қочиб, ташқарига чиқди. Машина чироқлари бир зум кўзларини қамаштирди. Сал нарида “Матиз” тўхтади. Рулда нотаниш йигит. Салмонбекнинг жаҳли чиқди.

-  Бўғилманг, ака, озгина кайфим бор, - деди Мавлобек. – Эҳтиёт шарт, ўзим минмадим. 

-  Эсинг жойидами, рулни ҳам кимга бериб...

-  Ўртоғим, биринчи класс шопир, автобус ҳайдайди.

-  Бўлди, энди миниб бўпсан.

-  Сиз хўжайин эмассиз, минавераман...

Жанжални эшитиб чиққан келинлар ака-укани ажратиб, хонадонларига олиб кириб кетишди. Салмонбекнинг рафиқаси келаси куни саҳарда қайнопаси Моҳирахоннинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, уларни яраштириб қўйишни сўради.

-  Бировни қўли тегдими, бир ишкал чиқади, - деди бўғилиб Салмонбек. – Ана, қаранг! Ўт олмаяпти, аккумулятори тинчибди. Бўлди, ўзим минаман энди.

-  Бошқа ичмайди, - деди Моҳирахон. – Ит-мушук бўлмасдан ишласаларинг ишланглар. Бўлмаса, дадамга айтиб, соттириб юбораман.

-  Бўлди ака, ичмайман. Рулни бошқа ҳеч кимга бермайман...

Салмобек шаштидан тушгандай бўлди. Мавлонбек билан дўконма-дўкон юриб, арзонроқ аккумулятор излашди. Уйга қайтишди.

-  Магазинда қиммат, бозордан оламан, - деди Салмонбек опасига. Сўнгра Мавлонбекка ўгирилди.

-  Ишга чиқ.

-  Гази оз, йўлда қолиб кетмай. “Заправка”га йигирма минг беринг.

-  Борича юриб, кира пулига газ қуйдириб оласан!

-  Чиқмайман ишга. Фарғонада, чойхонада ошимиз бор.

Салмонбек жаҳлини ютди.

-  Ишламайсанми, бўпти, “заправка” қилиб, аккумуляторни алмаштираман-у, буёғига ўзим минаман. Сен еб-ичиб, ўйнаб-кулиб юравер.

Салмонбек бозордан ишлатилган, лекин қуввати кетмаган аккумулятор сотиб олди. Бир соатча юриб, уйга қайтди. Моҳирахон Мавлоннинг уйига кирди. У йўқ эди. Қўл телефонига қўнғироқ қилди. Етиб келгач, машинанинг калитини тутқазиб, ишга чиқариб юборди.

Салмонбек шу яқиндаги емакхонага кириб, уч шиша пиво симирди. Сўнг, уй ортидаги сўрида ўртоғи билан улфатчиликни давом эттирди.

-  Газини қуйиб бердим, аккумулятор қўйиб бердим. Ака деган шунчалик бўлар. Ишла десам, зиёфатга бораман, дейди. Гап қайтаргани-чи? Назар-писанд қилмайди...

Моҳирахон алжираётган укасини ичкарига чақириб олди. “Эртага машинани олиб кетаман”, деди. Салмонбек сўкинди. Моҳирахон Мавлонбекка қўнғироқ қилди: “Кўзига кўринма, келмай тур”. “Келиб бўлдим”, дея у акасига рўпара бўлди.

Ака-ука жанжаллашиб, бир-бирини ҳақоратлайверди. Тўс-тўполонда Салмонбек укасининг кўксига пичоқ санчиб қўйди. “Тез ёрдам” чақиришди. Йўлда Мавлонбекнинг жони узилди.

-  Машина яхшиликка буюрмади, - дейди Моҳирахон кўзларига ёш олиб. – Укаларимдан ажралиб қолдим. Бири вафот этди, бири қамалди.

Афсуски, мол-дунёга сиғиниш, маънавий сўқирлик ота-бола, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида мулк, уй-жой, мерос, нарса талашиш яқин кишиларни юз кўрмас қилиб юборишдан ташқари, юқоридаги каби фожиани келтириб чиқаряпти. 

Суд укасининг умрига зомин бўлган С.Машрабовни етти йилга озодликдан маҳрум қилди. 

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 34784 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 73286 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 10834 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 137955 Жамият
Шавкат Мирзиёев: «Пастга тушиб, одамларнинг дарди билан яшаш — яккаю ягона ва энг улкан мақсадимиздир»
А серия. «Наполи» ҳам ишончли ғалаба билан старт олди
03:03 724 Спорт
Гулистон туманидаги намунали уйларнинг намунасиз кўчалари. Мутасаддилар бунга нима дейди?
02:35 2754 Жамият
Виталий Денисов футболга қайтганидан хурсанд
02:29 1626 Спорт
«Агробанк» ҳақми ёки биолаборатория? Зарбдордаги чигал муаммони ким ҳал қилади?
02:25 2009 Жамият
«Ўзбекистонда болалар кейинги 5 йил мобайнида боғчага 100 фоиз жалб қилинади» — Президент
Кўпроқ янгиликлар