«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Канаданинг САЕ компаниясининг Boeing-767 Full-flight-симуляторини (FFS) олди.  

Айни дамда МАК тренажёр мажмуасида САЕ мутахассислари билан биргаликда уни ўрнатиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. 20 апрелдан дастурий таъминот ва тренажёр қурилмаларини созлаш ўтказилади, шундан сўнг уни синовдан ўтказиш ва сертификатлаштириш бўлиб ўтади. Тренажёр жорий йилнинг 9 июнь кунига қадар фойдаланишга топширилади.

Жорий йилнинг май ойида канадалик мутахассислар томонидан миллий авиакомпаниянинг ўқув-машғулот марказида авиакомпаниянинг 10 нафар муҳандиси ўқитилади ва улар авиатренажёрга мустақил хизмат кўрсатишга рухсат оладилар. 

FFS Boeing-767 тренажёри авиацион тренажёрлар ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланган САЕ компаниясининг энг янги ишланмасидир. У замонавий дастурий таъминот, визуаллаштириш ва 6 та эркинлик даражасига эга ҳаракатчан тизимлар билан жиҳозланган, унда парвознинг ҳам ердаги, ҳам ҳаводаги турли сценарийлари бўйича машғулот ўташ мумкин.