Оҳангарон туманида истиқомат қилувчи 1988 йилда туғилган Х. Тимофей муқаддам ҳам жиноят содир этганлиги боис жавобгарликка тортилган бўлсада, бундан хулоса чиқармай ўзгаларнинг мол-мулкини яширин  равишда талон-тарож қилишга уринади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати

Оҳангарон марказий деҳқон бозори ҳудудида жойлашган шу туманда яшовчи фуқарога тегишли бўлган маиший техника дўконини кириш эшигини бузиш йўли билан кириб, у ердан  баҳоси 3.000.000 сўмлик  “Самсунг”  русумли ноутбук, умумий баҳоси 1.000.000 сўм миқдоридаги телефон аксессуарларини ўғирлаб жиноят содир этган жойдан яширинган.

Шунингдек, у ўз жиноий фаолиятини давом эттириб, Оҳангарон тумани,  Янгиобод маҳалласи Анҳор кўчасида жойлашган озиқ-овқатлар дўконининг ойнасини тош билан уриб синдириб кириб,  дўкондан жами умумий баҳоси  2.760.100 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кетган.

Бундан ташқари, Х. Тимофей ўз жиноий фаолиятини давом эттириб, Оҳангарон тумани, Наврўз кўчасида жойлашган фуқаронинг уйига ғайриқонуний равишда кирган вақтида жиноят устида ушланган.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.