Калифорния штатидаги Вудсайд шаҳрида интернет яратувчиларидан бири Роберт Тейлор 85 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида унинг ўғли Куртнинг сўзларига асосланиб, The Los Angeles Times хабар берди

Унинг сўзларига кўра, Тейлор 13 апрель, пайшанба куни вафот этган. У олим ўз уйида ҳаётдан кўз юмганини таъкидлаган. Тейлор Паркинсон ва яна бошқа касалликлардан азият чеккан. 

Манбада таъкидланишича, Тейлор АҚШ Мудофаа вазирлигида олим бўлиб ишлаган. 1960-йилларда у ARPANET интернет тармоғи прототипини ишга туширади. Шундан кейин у Xerox Palo Alto Research Center (Xerox PARC)да фаолият юритади ва у ерда персонал компьютер, Ethernet маълумотлар етказиш технологияси ва компьютер дисплейларини ишлаб чиқарувчи жамоани бошқаради. 

1968 йилда у шундай ёзади: "Бир неча йилдан кейин одамлар юзма-юз эмас, машиналар ёрдамида самаралироқ мулоқот қилиши мумкин бўлади". 

Олимлар Алан Кей, Батлер Лэмпсон ва Чак Такер Alto биринчи персонал компьютерини айнан Тейлорнинг бошчилиги остида ишлаб чиқишган. У қоғоз варағи ҳажмидаги экран билан жиҳозланган, кейинроқ эса график дисплей пайдо бўлди.

The New York Times'га кўра, Тейлор компьютер сичқончасини яратишда ҳам иштирок этган.