Британиялик тадқиқотчилар жароҳатларнинг битиш жараёнини назорат қилувчи "ақлли" бандажларни ўйлаб топишди. Мутахассислар янги тиббиёт воситасининг кейинги йилда бозорга чиқишига умид қилишмоқда. The Telegraph нашри шу ҳақида хабар берди

Янги боғлаш воситаси қоннинг ивиш жараёнини кузатиш, инфекцияларни аниқлаш ва маълумотларни тезкорлик билан шифокорга етказиш хусусиятига эга сенсорлар билан таъминланган. Ишлаб чиқарувчилар бу шахсий тиббиётни шакллантириш сари қўйилган яна бир қадам деб ҳисоблашмоқда. 

Шунингдек бандаж беморнинг фаоллиги, озиқланиши ва соғлиғига таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар ҳақида маълумотга эга бўлиш учун унинг смартфонига боғланади. Бандажлар 3D-принтерлар ёрдамида ишлаб чиқарилади. 

Янги бандажлар келгуси 12 ой давомида Суонсидаги университетда синовдан ўтказилади. Бундан ташқари, олимлар яна бир муаммони ҳал қилишлари керак бўлади: янги технологияни оммавий фойдаланиш учун ҳамёнбоп нархда бўлишини таъминлаш.