Volkswagen компанияси Шанҳай автосалони арафасида бўлажак серияли янгилик ҳақида тасаввур берувчи янги концептни ошкор этди. Бу купесифат электр йўлтанламас I.D. Crozz бўлиб, у тўрт ўринли салон ва автопилотга эга.

Янгилик I.D.’нинг хэтчбек ва минивэндан кейин прототиплар сериясида учинчига айланди. Улар барчаси  электрокарлар учун махсус тайёрланган MEB негизида яратилган. Йўлтанламас дизайнида алоҳида услубий қарорлар қўлланган.

I.D. Crozz’да орқа эшиклар орқага бурилади, олдингилари эса анъанавий усулда очилади. Ҳар икки моделда ҳам марказий тиргаклар йўқ. Йўлтанламаснинг ўзига хос жиҳати LED чироқли панорамали том бўлиб, уни имо-ишоралар ёрдамида бошқарса бўлади.

Концепт салонида босилувчи тугмачалар умуман йўқ. Минималистик ички қисмда 10,2 дюймли мультимедия мажмуаси тасчкрини ва диагонали 5,8 дюйм бўлган қурилмалар рақамли панели бор. Бундан ташқари, сенсорли бошқарув панеллари эшикларда ҳам жойлашган. Ҳайдовчилар учун қўшимча реаллик технологиясига эга проекцион дисплей ҳам мавжуд.

Ёқилган автопилот ҳолатида руль олдинги панелга ўтказилади. Шу билан бирга, йўлтанламас томидан автомобиль атрофидаги барча вазиятни ўрганиш учуе лазерли сканерлар кўтарилади ва нурдиодли оптиканинг иш режими ўзгаради.

Концепт умумий кучи 302 от кучига эга бўлган иккита электродвигатель ёрдамида ҳаракатга келади. Максимал тезлик соатига 180 километрга тенг.

Пол остида эса литий-ионли батареялар блоки жойлашган бўлиб, ҳажми 81 киловатт-соатни ташкил этади. Юриш масофаси захираси 500 километр бўлиб, аккумуляторларни 30 дақиқа ичида150-киловаттли DC қувватлантириш қурилмаси ёрдамида 80 фоизга “заправка” қилиш мумкин.

VW’нинг MEB негизидаги биринчи серияли автомобили 2020 йилда сотувга чиқарилиши керак. 2025 йилга келиб компания ҳар йили миллионта электромобилни сотиш ниятида.