Лондоннинг Skipping Rocks Lab стартапи пластмасса идишлар, стаканлар, пакетлар ва баклашкаларнинг ўрнини аъло даражада боса олувчи келажак упаковкасини яратди. Ooho деб ном олган бу ўрам таъмсиз қобиқ бўлиб, уни ейиш мумкин. Таъкидланишича, у денгиз сувўтлари экстрактидан тайёрланган. Қобиқ жуда пишиқ, ишлаб чиқарилиши арзон, асосийси мутлақ экологик тоза – уни нафақат ёйиш, балки табиатга ҳеч қандай зарарсиз ташлаб юбориш ҳам мумкин, у тезда парчаланиб, йўқ бўлиб кетади.  

Қобиқни яратиш технологияси устида икки йил иш олиб борилган. Ҳозирда унинг яратувчилари қобиқни ишлаб чиқариш усулини патентлашмоқда ва ўз ихтироларига кўпроқ эътибор жалб қилишга ҳаракат қилишмоқда ва инвесторлар қидиришмоқда. Уларнинг фикрича, ейиш мумкин бўлган ва арзон ўрам пластик чиқиндилар муаммосини ҳал қилиши ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтириши мумкин.  

Ўрам устидан уни ҳимояловчи яна бир қобиқ бўлади. Уни тановул қилиб бўлмайди.

Skipping Rocks Lab асосчилари ўз маҳсулотлари тасвирланган видеороликларни турли майдончаларда намойиш қилишмоқда, турли маърузалар билан чиқишмоқда ва шу йилдаёқ ўрамнинг синов партиясини чиқаришмоқчи. Ooho турли ичимликлар ва ширинликлар учун ажойиб ўрам бўлиши мумкин. Унинг устидаги ҳимоя қобиғини олиб, оғизга солиш кифоя қилади.

250 миллилитрлик сиғимга эга қобиқнинг таннархи тахминан 0,3 центни ташкил қилади ва бу пластмасса идишлардан анча арзонроқ. Шунинг учун стартап ўз маҳсулоти муваффақиятига шубҳаланмаяпти. Компания бир неча йилдан кейин қадоқлаш соҳасидаги TetraPak каби йирик компанияларга муносиб рақобатчилик қилишга умид қилмоқда.