Ўсмир психологияси шундайки, унга кучли таъсир кўрсатган восита мисли тошга ўйилган битикдай онгида, феъл-атворида муҳрланиб қолади. Бугун хорижнинг жангари ва зўравонликни тарғиб этувчи фильмларини кўриб, ўзини ўша асар қаҳрамонларидай тутишга уриниш айрим ҳолларда оғир жиноятларнинг содир этилишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Тошкент вилояти ИИБнинг хабар беришича, ИИБ Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, 2017 йилнинг 10 апрель куни соат 02:30 ларда, ёшлари тахминан 20-25 ларда бўлган тўрт нафар номаълум шахслар, бошларига қора рангли спорт шапкаси, юзларига қора рангли ниқоб ва қўлларида хўжалик қўлқопини кийган ҳолда, Бўстонлиқ тумани, Искандар қўрғони ҳудудидаги хонадонларнинг бирига босқинчилик йўли билан ғайриқонуний равишда  кирган. Улар уй бекаси ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, унинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ош пичоғи ёрдамида ўлдириш билан қўрқитиб, 2.000.000 (икки миллион) сўм пуллари ва бир дона нархи 400.000 (тўрт юз минг) сўм бўлган “Nokia-225” русумли уяли алоқа телефонини олиб, жиноят содир этган жойидан яширинганлар.

Жабрдийда дарҳол ички ишлар идорасига мурожаат қилган.

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни икки нафар 1998 йилда туғилган муқаддам судланган шахс ҳамда 1994 йилда ва 1996 йилда туғилган шахслар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб содир этганликлари ошкор бўлди.

Айбланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Халқимизда касални даволагандан кўра, уни олдини олган афзал деган нақл бор. Шу маънода, юз берган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятни юзага келтирган сабабларни ўрганиш, оқибатларини бартараф этиш жамият тараққиёти йўлида хизмат қилаётган ҳар бир соҳа вакилининг вазифаси бўлмоғи лозим.