Айни вақтда Қирғизистонда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 647 нафар уруш фахрийси ҳаёт кечирмоқда. Бундай маълумотларни Қирғизистон меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати келтириб ўтди. 

Вазирлик маълумотларига кўра, улар орасида 176 нафар Иккинчи жаҳон уруши ногирони ва 418 нафар уруш қатнашчиси, балоғатга етмаган даврида концлагерлар маҳбуси бўлган 25 киши ва Ленинград қамалини бошидан кечирган 28 киши бор.

Вазир Лунара Мамитованинг айтишича, Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари республика бюджетидан ҳар ойлик ва ҳар йиллик тўловлар оладилар. 2010 йил январидан бошлаб фахрийлар имтиёзлар ўрнига қуйидагича пул компенсациялари олиб келадилар:  

– Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчилари, Ленинград қамалини бошдан кечирганлар ва концлагерларда балоғатга етмаган даврида маҳбус бўлганлар – 7 минг сом (жорий курс бўйича 102 доллар, 1 АҚШ доллари = 67,8 қирғиз соми);

– ногиронликка эга, фронт ортида меҳнат қилганлар – 2 минг сом (30 доллар);

– Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчиларининг бевалари, Иккинчи жаҳон урушидаги меҳнати учун мукофотлар олган фронт ортида меҳнат қилганлар – минг сом (15 доллар).  

Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчилари, балоғатга етмаган даврида концлагерлар маҳбуси бўлганлар ва Ленинград қамалини бошдан кечирганлар 2010 йилдан бошлаб 10 минг сом (147 доллар) миқдорида Қирғизистон президентининг ҳар ойлик умрбод стипендиясини олиб келадилар.

Ўзбекистонда
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари сони 1600 нафардан ортиқни ташкил қилмоқда. 2016 йилда уларнинг сони 2200 нафардан ортиқ бўлган.

2013 йилда Иккинчи жаҳон урушида қатнашганлардан фақатгина 5200 нафари, фронт ортида меҳнат қилганларнинг эса 100 минг нафари ҳаёт эди.

2012 йилда эса Ўзбекистонда 6632 нафар уруш қатнашчиси, 115 минг фронт орти меҳнаткашлари бор эди.

Урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони жангларда бевосита иштирок этган. 500 мингга яқин юртдошларимиз урушда ҳалок бўлган. 

Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган 1 миллионга яқин оила ва болаларни эл-юртимиз қабул қилган.

Уруш ва меҳнат фахрийлари тегишли тартибда нафақа олишади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили 9 май муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириб келади.

Бу йил ҳам президент фармонига кўра 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 2 000 000 (икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланган.

Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари GM Uzbekistan автомобилларини навбатсиз олишади, ҳаж сафарига имтиёзли равишда боришади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда уруш қатнашчиларига санаторийларга бепул йўлланмалар берилади.