"Ювентус" дарвозабони Жанлуижи Буффон Чемпионлар Лигаси яримфиналида қайси жамоа билан учрашишни исташи ҳақидаги фикри билан ўртоқлашди. Туринликлардан ташқари, яримфиналда иштирок этиш ҳуқуқини Мадриднинг "Реал" ва "Атлетико" ҳамда Франциянинг "Монако" клублари қўлга киритдилар. 

"Мусобақада энг кучли 4 жамоа қолди. Эҳтимол, бизга ўз миллий чемпионатларида катта куч сарфлаб чемпионлик учун кураш олиб бораётган "Монако" ва "Реал" билан учрашиш яхшироқ бўларди. "Атлетико" эса бу борада анча хотиржам ва барча эътиборини Чемпионлар Лигаси ўйинларига қаратиши мумкин", деб Буффон айтган сўзларни келтириб ўтди Goal нашри. 

Яримфинал жуфтликларини аниқлаш учун қуръа ташлаш 21 апрелда бўлиб ўтади.