1992 йилда Республика Байналмилал маданият маркази ташкил этилган эди. Бугунги кунда унинг таркибидаги 140 дан зиёд марказ барча ҳудудларда ўз фаолиятини юритмоқда. Бу йил 25 йиллиги нишонланаётган байналминал маданият марказининг республика бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган фестивали биринчилардан бўлиб Андижон вилоятида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов хабар бермоқда.

Уч кун давомида вилоятнинг қатор туманларида бўлиб ўтган тадбирлар якуни бугун Андижон шаҳрида тантана қилинди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган 5 та (уйғур, корейс, рус, қирғиз ва арман) маданий марказ бу ерда истиқомат қилаётган  турли миллат вакиллари билан ҳамжиҳатликда мазкур тадбирга қизғин тайёргарлик кўрди. 

Бобур номидаги вилоят драма театрида ўтказилган анжуманда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Республика Байналмилал маданият маркази раиси Насриддин Муҳамадиевлар миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, тинчлик-хотиржамлик ва ёшларга яратилаётган шароитлар ҳақида гапирди.

Шундан сўнг Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллатлар санъатини тараннум этувчи концерт дастури намойиш қилинди.  

Меҳмонлар шаҳардаги “Дўстлик уйи”да бўлиб, маскандаги шароитлар билан танишдилар. Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида оммавий сайил ўтказилди.