Марғилон шаҳридаги Гулистон МФЙ фуқаролари фарзандлари учун болалар ўйнаш майдони, аҳоли учун гузар, кичик айвончалар бўлишини орзу қилар эдилар. Бу борада фуқаролар бир неча бора ўзлари ҳам ҳаракат қилдилар, бироқ катта иш устида кимдир бош бўлмаса унинг натижаси кўримайдигандек.

Шаҳар прокурори Акмалхўжа Мавлонов раҳбарлигида ишчи гуруҳлар томонидан самарали ишлар амалга оширила бошланди. Қоронғу ва қўрқинчли бўлган маҳалла бурчагидаги майдонда гаражлар ўрнатилган эди. 

- Бу гаражлардан аҳоли деярли фойдаланмайди. Авваллари машинани сақлаш ёки уни беркитиш учун шу гаражларга муҳтожлик сезилар эди. Энди замонамиз тинч, машинани кўчага қўйиб қўйсангиз ҳеч ким тегмайди. Болаларимиз шу гаражлар томонидан ўйнаса шикасланмасин, деб қўрқиб турар эдик. Энди бу гаражлар бузилаяпти. Маҳалламиз обод бўлаяпти. Янги йўл тушади, гузар барпо этилаяпти. Болалар ўйнаш майдони қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бизнинг маҳалламиз ҳам бошқаларникига ўхшаб кенг ва ёруғ, теккис кўчалардан иборат бўлади. Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ, - дейди Гулистон МФЙ фуқароси Бувичахон Аҳмадхонова.      

Гулистон маҳалласи ҳудудидаги 1126 кв. метр майдондаги таъмирга муҳтож ички йўлларни таъмирлаш учун 20 млн. сўм маблағ зарурлиги, ҳудуддаги тез тиббий ёрдам шохобчасини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун қўшимча электр тармоғига улаш лозимлиги аниқланиб, шаҳар Электр таъминот корхонаси раҳбарига тегишли кўрсатма берилди.    

Аҳрор Зиё, Фарғона