Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Шангҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгаши (ТИВК) мажлиси ўз ишини якунлади. Бўлиб ўтган музокаралар давлат раҳбарлари Кенгашининг 8–9 июнга мўлжалланган учрашувига тайёгарлик кўришнинг сўнгги босқичи бўлди. «Известия» газетасининг хабарига кўра, музокаралар мобайнида Эроннинг ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш жараёни ҳам ўрганилган. Россия нашрининг маълумотларига кўра, бу ҳол Тожикистонда баъзи саволларни пайдо қилган.

 

Ҳиндистон ва Покистон

ШҲТ ТИВК сессиясини очар экан, Қозоғистон ташқи ишлар идорасининг раҳбари Қайрат Абдураҳмонов терроризм ва наркотафикка қарши курашда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш заруриятини таъкидлаган. У, шунингдек, ШҲТга Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзолигини расмийлаштириш жараёни якунланаётганига эътибор қаратган.

Мажлис тугагач, РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров ҳам шу мавзуга тўхталган. Унинг айтишича, қатнашувчилар ҳужжатлар тўпламини ўрганиб чиқишган ва улар июнь ойида давлат раҳбарларига маъқуллаш учун тақдим этилади.

— Албатта, аввало, бу Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо бўлишини расмийлаштирувчи якуний қарорлардир. Бу тарихий ҳодиса бўлди, десак, муболаға бўлмайди, — деган Сергей Лавров.

«Валдай клуби» эксперти, Россия ТИВ қошидаги Москва давлат халқаро муносабатлар институти Шарқий Осиё ва ШҲТ тадқиқотлари маркази директори, Олий иқтисодиёт мактаби халқаро муносабатлар департаменти раҳбари Александр Лукиннинг «Известия»га билдиришича, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзоси сифатида расмийлаштирилиши ташкилот ривожида энг муҳим нуқта бўлади.

— Бу ташкилотнинг илк кенгайиши бўлади. Унга жаҳоннинг энг йирик икки давлат аъзо бўлмоқда. Яъни энди у янада нуфузли ва залворли ташклотга айланади. Бундан ташқари, шу пайтгача ШҲТни Россия ва Хитойнинг Марказий Осиёдаги биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштирувчи структура, деб билишар эди. Ташкилотда барча қарорлар консенсус асосида қабул қилиниб келинган бўлса-да, тушунарли сабабларга кўра унда Москва ва Пекиннинг таъсири каттароқ эди. Ҳиндистоннинг қабул қилиниши ШҲТни янада кўп қиррали бўлишига замин яратади. Янги Деҳли иқтисодий ҳамкорлик ривожига ҳам, минтақада вазиятни барқарорлаштиришга ҳам катта ҳисса қўшади, — дея таъкидлаган Александр Лукин.

 

Эрон муаммоси

Агар Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзолиги ҳал қилиниб бўлинган масала бўлса, ШҲТ ишига Эронни жалб қилиниши муаллақ ҳолатда турибди. Ўзининг кириш сўзида Қайрат Абдураҳмонов ташкилотга айни пайтда кузатувчи мақомидаги Эрон Ислом Республикасини қабул қилиш заруриятини таъкидлаб ўтган. Сергей Лавров ҳам Теҳрон «БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қўлланилган санкциялар бўйича масалаларни ҳал қилгани; энди у ШҲТга аъзо бўлиш критерийларига тўла мос келиши» ҳақида гапирган.

— Биз умид қиламизки, июнь ойида Остонада давлат раҳбарлари Эроннинг ҳам тўлақонли аъзога айлантириш жараёнини ишга тушириш масаласини ҳам муҳокама қилишади», — деган Сергей Лавров.

«Известия»га Россия делегациясидаги манбанинг хабар беришича, Тожикистондан ташқари барча давлатлар Эроннинг ташкилот доирасидага ишларга чуқурроқ жалб қилинишини қўллаб қувватлайди.

— Душанбенинг позицияси шу билан тушунтириладики, Эрон ҳукумати ўз вақтида тожик исломий мухолифат етакчиларидан бирига сиёсий бошпана берган. Республика ҳукумати Теҳрон шу йўл билан амалдаги ҳукумат позициясига путур етказишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, аслида бундай эмас, — деган манба.

Газета суҳбатдошининг сўзларига кўра, Эроннинг ШҲТга аъзо қилиб олиниши ташкилотни янги сифат даражасига чиқариши мумкин.

 

Сурия инқирози

Суриядаги вазият нафақат Сергей Лавров ва унинг хитойлик ҳамкасби Ванг И ўртасидаги музокараларда муҳокама мавзуси бўлди, унга ШҲТ ТИВК мажлисида ҳам тўхтилиб ўтилган. Бу ҳақда Россия вазирининг ўзи айтиб ўтган. Лавровнинг қайд этишича, қатнашувчилар можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишнинг муқобили йўқлиги ва сулҳни сақлаш зарурияти ҳақида якдил тўхтамга келишган.

Россия вазирининг тушунтиришича, Москва ўт очишни тўхтатиш битими қатнашувчилари доираси қуролланган мухолифатнинг янги гуруҳлари ҳисобига кенгайтирилишига эришмоқчи.

— Параллел равишда терс жараён юз бераётгани — «Жабҳат-ун-Нусра» террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватлаётганлар унинг сафига қўшимча қуролланган отрядларни қўшиб, уларни Остона битимидан узиб қўйишга ҳаракат қилаётгани сабабли ҳам жараён мураккаблашмоқда, — деган Сергей Лавров.

 

Яна нималар ҳақида сўзлашилди?

Россия вазирининг ҳикоя қилишича, ШҲТ ТИВК мажлиси мобайнида кучишлатар идоралар тизими бўйича ҳамкорлик, гуманитар соҳа ва экология масалаларига дахлдор бир қатор масалалар кўриб чиқилган. Хусусан, экстремизмга қарши курашиш конвенцияси лойиҳаси, ШҲТ антинаркотик стратегиясини тайёрлаш ва уни рўёбга чиқариш ҳаракат дастури ҳақида сўз борган. Бундан ташқари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида тайёрланаётган конвенция ҳамда аъзо мамлакатларнинг 80дан ортиқ олий ўқув юртларини бирлаштирувчи ШҲТ Университетини ишга тушириш ҳақида ҳукуматлараро битим лойиҳаси муҳокама қилинган.