Туркманистон президенти 18-19 апрель кунлари Қозоғистонга давлат ташрифини амалга оширди. Икки давлат президентлари Н.Назарбоев ва Г.Бердимухаммедов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Катта ҳужжатлар тўплами имзоланди, улардан энг асосийси – Қозоғистон ва Туркманистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномадир. Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида қозоқ-туркман давлат чегарасининг демаркацияси тўғрисида анчадан бери кутилган Келишув имзоланди.

Ушбу ташриф, унинг натижаларини Марказий Осиё минтақаси давлатлари ўртасидаги алоқаларнинг сўнгги вақтларда фаоллашиши нуқтаи назаридан кўриш лозим.

Минтақада давлатлар ўртасидаги муносабатлар янги босқичига Ўзбекистон ташқи сиёсатининг фаоллашгани туртки берган кўринади.

2017 йилнинг март ойида Ўзбекистон президентининг Туркманистон ва Қозоғистонга давлат ташрифлари минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни фаоллаштиришда муҳим босқич бўлди.

Ўзбекистон ва Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш, минтақада давлатлараро муносабатларнинг янги босқичида минтақавий ҳамкорлик бўйича уч локомотив-давлат шаклини келтириб чиқармоқда: Ўзбекистон-Туркманистон-Қозоғистон.
 
Ҳамкорликнинг бу босқичида энг муҳим нарса нима, қайси соҳаларда “инқилоб” бўлиши мумкин?

Замонавий босқичда минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг янги шаклларини ташкил этиш учун минтақа давлатлари (биринчи навбатда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг) транспорт-коммуникация салоҳиятлари интеграцияси ва уйғунлашуви асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу давлатлар транспорт соҳасини ривожлантириш стратегиясини амалга оширмоқда ҳамда бу соҳага катта сармоялар киритилмоқда. Бироқ бугунги кунда миллий транспорт стратегияларининг интеграцияси ва қитъа аҳамиятига молик ягона Марказий-Осиё транспорт-транзит хабини ташкил этиш вазифаси турибди. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари учун уни Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси ва Жанубий Осиё иқтисодий шериклигини таъминловчи трансқитъавий кўприкка айлантириш учун реал имкониятлар очилмоқда.
 
Барча давлатлар транспорт-транзит жиҳатидан бир-бирига боғлиқ эканини эътиборга олсак, бу ерда мамлакатлар саъй-ҳаракатини бирлаштириш учун ягона ёндашув талаб этилади. Нима учун буни интенсив шаклдаги кооперация алоқаларини йўлга қўйишда асос қилмаслик керак? Ҳа, бугунги кунда минтақа мамлакатлари маълум бир транспорт-логистика лойиҳаларини амалга оширмоқда ва улар рақобатчи бўлиши мумкин. Хусусан, Каспий денгизи қирғоғида Қозоғистон (Ақтоу ва Курук портлари) ва Туркманистонга (Туркманбоши портининг чуқур модернизацияси) олиб борувчи янги транспорт-логистика марказларини қуриш ва борларини модернизация қилиш. Туркманистондан Афғонистон ва Тожикистонга (Атамират-Имомназар-Акина), Ўзбекистонни четлаб ўтган ҳолда темир йўлини қуриш. Бироқ бу уч давлат транспорт-коммуникация салоҳиятини мослашга тўсиқ бўлмаслиги лозим. Чунки умуман олганда, муқобилларни ташкил этган ҳолда янги транспорт йўлакларини шакллантириш, юк транзити каби транспорт харажатларини умумий равишда камайтиришга ишлайди.
 
Бугунги кунда уч давлат саноатлаштиришни жадаллаштириш сиёсатини фаол равишда амалга оширмоқда. Ўзбекистон 2030 йилга қадар иқтисодиётнинг стратегик соҳаларида умумий қиймати 40 миллиард доллардан кўпроқ бўлган 657 лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу рўйхатга саноатдаги, шунингдек транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга йўналтирилган лойиҳалар киради. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш ЯИМ тузилмасидаги саноат соҳаси улушини 2016 йилдаги 32,9 фоиздан 2030 йилгача 40 фоизга қадар етказиш имконини беради.

Туркманистонда ҳам худди шундай. У ерда умумий қиймати 48 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ бўлган 1 900 та йирик объектларни реализация қилиш режалаштирилган. Қозоғистон эса саноат-инновацион ривожланишни жадаллаштириш Дастурини амалга оширмоқда. Уч мамлакат ушбу лойиҳаларни амалга оширишдаги фаол шериклик учун ўз имкониятларидан фойдаланиши мумкин.
 
Уч давлат: Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон экология масалалари, Орол денгизи муаммосини ҳал қилиш ва минтақадаги сув таъминоти бўйича ягона позицияга эга. Бу уч мамлакатнинг шу йўналишда қўшма сиёсатни амалга ошириши учун жиддий асос бўлиши мумкин. Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон учун қўшма биргаликда ривожланиш соҳалари ва уч мамлакатнинг айни дамда кўз ўнгимизда ўзаро алоқаларининг фаоллашиши – бу ушбу мамлакатларнинг барча фуқаролари учун жуда муҳим жараён.

Марказий Осиё истиқболда 2040 йилгача энг тез ўсувчи минтақалардан бирига айланиши мумкин. Бироқ имкониятлар ҳамда бу ўсиш сифати минтақа давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик шакли ва унинг даражаси билан белгиланади.

Энг оптимал йўл – минтақа давлатлари ўртасида ушбу мамлакатлар тайёр бўлган йўналишлар ва шаклларда иқтисодий алоқаларни босқичма-босқич ўрнатиб боришдир.

Бу эса “Ўзбекистон-Қозоғистон”, “Ўзбекистон-Туркманистон” иқтисодий бўғинларини яратиш ва янги “Ўзбекистон-Туркманистон-Қозоғистон”   конфигурациясини яратиш бўлиши мумкин.

Бу катта истиқболга эга жараён...

Мустақил эксперт Бахтиёр Эргашев Кун.uz сайти учун махсус