23 апрелда Францияда ўтаётган президентлик сайловларида сайлов участкаларига келаётганларнинг анчагина қисмини араб илдизларига эга фуқаролар ташкил қилади. РИА “Новости” ахборот агентлиги мухбири сайловчилар билан сўровнома ўтказиб, уларнинг президентликка номзодлар дастурлари ҳақидаги фикрларини аниқлашга ҳаракат қилди.

Келиб чиқиши жазоирлик бўлган бухгалтер Ясин Парижнинг 19-округидаги сайлов участкасида овоз бериш учун навбатда турибди. "2012 йилдаги каби мен ўзимнинг севимли номзодим, сўлларни билдирувчи Жан-Люк Меланшонга овоз бераман", деб айтди Ясин.

19-округ анъанавий тарзда сўллар қўллаб-қувватланадиган округ ҳисобланади. Ясиннинг фикрича, француз сиёсати "боши берк кўчага кириб қолган". "Бир қаранг, ўнг Саркозининг бошқаруви қандай бўлган! Ҳозирги президент Олланд давлатни қандай бошқармоқда! Мен сўллар тарафдори сифатида Олланднинг социалистик ҳукуматига умид қилгандим, бироқ реал ўзгаришларни кўрмадик", деб куйиниб гапирмоқда Ясин.  

Ясиннинг фикрича, бу сайловларда Меланшоннинг ғалаба қилишга имкониятлари 5 йил аввалгидан анча кўпроқ. "Европа базўр нафас олмоқда. Меланшон Саркози ва Олланддан фарқли ўлароқ, Германия ва Брюсселга бўйсунмайди", деб ҳисобламоқда Ясин. Бироқ у шу билан бирга "Миллий фронт" номзоди Марин Ле Пен  ғолиб бўлишини истисно этмаяпти. 

"Бу сюрприз бўлиши мумкин. Агар у ҳокимиятга келса, унинг сиёсати Франция ва бу давлатда яшовчи хорижликлар, мусулмонлар учун фалокатли бўлади. Чунки унинг дастури ўнг радикалдир", деб ҳисобламоқда Ясин. 

Ясиндан бир неча метр берида француз Луар ўз навбатини пойлаб турибди. Аёл ўз овозини Эммануэл Макронга бериш ниятида. "Бугун бизга ўзгаришлар керак. Биз сиёсатчиларнинг эски авлодидан чарчадик, Макрон эса ёш ва бу ўзгаришларни тақдим қилади", деб айтмоқда Луар.

Парижнинг 18-округида бор-йўғи икки йил Франция фуқаролигини олган, келиб чиқиши суриялик Аҳмад овоз бермоқда. 

"Мен мени қабул қилган давлатда биринчи марта овоз бермоқдаман. Ростини айтганда, дастлаб қайси номзодни танлаш қийин бўлди. Менга ижтимоий нуқтаи назардан сўлларнинг дастури, иқтисодий томондан эса ўнгларнинг дастури маъқул келмоқда", деб ўз фикрлари билан ўртоқлашди Аҳмад.  

Аҳмад даставвал Франсуа Фийонга овоз бермоқчи бўлган, бироқ кейин унга овоз бермасликка қарор қилган. "Мен унга овоз бермайман, мен унинг ташқи сиёсатини қўллаб-қувватламайман. Мен сурияликман ва Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватламайман, Фийон эса Сурия ҳукуматини етарлича қораламаган, аксинча Россиянинг Суриядаги операциясини қўллаб-қувватлаган. Шу сабабли мен социалист Бенуа Амонга овоз беришга қарор қилдим, унинг ташқи сиёсати мени қаноатлантиради, бироқ унинг иқтисодий дастури мен учун унча мақбул эмас", деб айтмоқда Аҳмад.

Францияда президентлик сайловлари ўтмоқда. 23 апрель эрталабдан мамлакат бўйлаб 66 мингдан кўпроқ сайлов участкалари фаолият юритмоқда, уларда 47 млн фуқаро овоз бериши мумкин.