Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, жамиятнинг турли жабҳаларида аёлларнинг ўрни ва ролини оширишга қаратилган эзгу амаллар юртбошимиз раҳнамолигидаги йўлга қўйилиб, бугунги кунда аёлларни жамиятнинг барча жабҳалари, қолаверса, давлат бошқарув органлари сафларида кўриб, уларнинг шижоатига, ташаббускорлигига яна бир бор тан бермоқдамиз. Бир елкада оила деб аталган қўрғонни, бир елкада эса машаққатли касбига бўлган масъулиятни баравар кўтариб, улкан ютуқлар сари дадил интилаётган аёллар шаънига қанчадан-қанча таҳсинлар билдирсак, шунча оз.

Лекин, аёл номига иснод келтириб, унинг шаънига нафрат туйғуларини уйғотган, тубанлик сари йўл тутиб арзимаган моддий бойлик илинжида ор-номуси, қадр-қимматини оёқ ости қилган айрим аёлларнинг қилмишлари кишини ўйга толдиради. Нафсининг қулига айланиб қолиб, оқибатини ўйламай қилинган ножўя қилмишлари туфайли бугунги кунда юзи шувут бўлиб, қонун олдида жавоб бераётган бу аёлларнинг жиноят кўчасига кириб қолганлигини қандай баҳолаш мумкин... 

Сатторова Фотима Жаҳоновна, 1959 йилда Ғиждувон туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оиласидан ажрашган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан судланган.

Аёлга хос ибо, ҳаё, орият, поклик каби тушунчаларни мутлақо унутган Фотима Сатторова қўшни Туркманистон Республикасига турмушга чиқиб, ўзида оила масъулиятини ҳис қилишни истамасдан,  турмуш қийинчиликларидан чўчиб, «оғирнинг устидан, енгилнинг остидан» юришга одатланиб, 3 фарзанди ва 6 неварасини ташлаб ўзи туғилган Ғиждувон туманига келади. Тайинли касб-кори бўлмаган аёл бозорларда олиб-сотарлик билан шуғулланиб, бу ишининг ортидан топилган даромадига қаноат қилмай бировларни алдаб фирибгарлик, ўғрилик каби қинғир ишларни ўзига касб қилиб олади. Дастлаб, 2014 йилда содир этган ўғрилик жинояти учун Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан судланиб, унга нисбатан амнистия қўлланган ва кечирилган бўлсада, ҳукуматимизнинг бундай ғамхўрлигидан ўзига тегишли хулоса чиқармай, жиноят кўчаси томон яна дарбадар кезавериб, ўзининг аёл эканлигини унутиб қўяди. 

Энди у ёшига ярашмайдиган хунук қилиқлари билан ор-номусни унутиб, кўча куйда дайдиб, бозорлар расталари, бекатларда тунаб, шу тарзда одамгарчилик қиёфасидан борган сари узоқлашади. Кейинчалик фарзандлари узоқ муддатга чет элларга кетган, ёлғиз яшайдиган қари, ёрдамга муҳтож аёлларни кузатар, уларга ёрдам бериш, бозор-ўчарларига, юмушларига кўмаклашиш баҳонасида улар билан танишиб, беозор мушукдек меҳр кўрсатар, шу тариқа, уларнинг ишончига кириб баъзида уйларида тунаб қолар эди.

Когон шаҳар Маҳмуд Таробий кўчаси 45-уйда яшовчи Евгения Глухова бир неча йиллардан буён ёлғиз ўзи умр гузаронлик қилади. 80 ёшни қаршилаган онахон нафақа пулини олгандан сўнг Когон шаҳар Марказий бозорига бориб, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиб, икки сумкани кўтарганча бозордан чиқса, унга меҳрибонлик билан «Ёрдам керак эмасми» дея нотаниш бир аёл мурожаат қилади. Дарҳол қўлидан сумкаларини олиб, онахонни мушкулини осон қилишга киришган Фотима Сатторова ўзини «Муҳаббат» деб таништириб, онахонни кўп йиллардан буён танишини, ўзи унинг уйига яқин жойда яшашини, «йўлимиз бир экан, сизни уйингизгача кузатиб қўяман»  деб айтиб, йўл-йўлакай муғомбирлик билан сохта илтифот кўрсатиб Евгения Глухованинг ишончига киради. Улар Глухованинг уйига етиб келгач, Фотима Сатторова кампирга чанқаганлигини айтиб, ичиш учун сувми ёки чойми чиқариб беришини сўрайди. Онахон эса, очиқ чеҳра билан уни уйига таклиф қилиб, бир оз дам олиб кетиши мумкинлигини айтади. Бу таклиф Фотима Сатторовага мойдек ёқиб тушиб, улар биргаликда тушлик тайёрлаб, ўзаро танишув давомида янада иноқлашиб, узоқ ўтирадилар.

Фотима Сатторова ёлғиз яшайдиган кампирнинг уйига тез-тез оёқ чиқарадиган, баъзида унинг уйида тунаб қоладиган, кетар чоғи онахондан йўлкира ва харажатлари учун «қарз бериб туринг» дея турли миқдордаги пуллар оладиган одат чиқариб, кампир билан опа-сингил тутинадилар. Аммо, қалби тоза қари онахон Фотима Сатторованинг «оласи ичида» эканлигини, унинг нияти бузуқ «чапдаст» эканлигини ҳеч ҳам пайқамайди.        

Мурадова Назира Холовна, 1964 йилда Навоий вилояти Навоий шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, оиласидан ажрашган, муқаддам 3 маротаба судланган.

Навоий вилояти Тиббиёт Бирлашмасида бир вақтлар ҳамшира бўлиб ишлаган, аммо,  «кўзи оч»лик қилиб, нафс балосига йўлиққан, ўғрилик, фирибгарлик каби жиноятларга қўл уриб оқ халатига қора доғларни туширган бу аёл аввалида ишхонасидан ҳайдалади. Кейин эса, оиласидан ажралади. Муқаддам содир этган жиноятлари учун 3 маротаба судланган бўлишига қарамай, «ўртанган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидек, яна такрор ўғриликлар содир этиб, бировни алдаш, ишонтириш орқали мол-мулкларини қўлга киритишни канда қилмади.    
 
«Ўхшатмасдан учратмас» деганларидек, Назира Мурадова кўча кезиб, дайдилик қилиб юрган кунларининг бирида Фотима Сатторова билан танишиб қолади. «Лойи бир жойдан олинган эканки» иккала нобакор аёллар қисқа вақт ичида худди минг йиллик дугоналардек тил топишадилар. 
 
Назира Мурадова дугонаси Фотима Сатторовага моддий жиҳатдан қийналаётганлигини, унга пул кераклигини айтиб қўнғироқ қилади. Фотима Сатторова эса, унга ҳозирда Бухоро шаҳрида эканлигини, бир амаллаб етиб келса сўраган пулини бериши мумкинлигини айтади. Улар Бухоро шаҳридаги Карвон бозорида учрашиб бирга овқатланадилар. Ўзаро суҳбат давомида Фотима Сатторова жонажон дугонаси Назира Муродовага Когон шаҳрида ёлғиз ўзи яшайдиган қари кампирни топганлигини, унинг нафақасидан йиғиб қўйган пуллари борлигини айтиб, Назира Муродовани навбатдаги шум режаларини амалга оширишга ундайди. Кун алламаҳал бўлганида Фотима Сатторова Назира Муродовани ўзи билан бирга ҳар доимги борадиган манзили, Глухова Евгениянинг уйига етаклаб боради. 

Чақирилмаган меҳмонларнинг ташрифидан боши осмонга етган онахон уларни ичкарига таклиф қилиб, дастурхон ёзади, бисотида бор бўлган жамики егуликларни тортиқ қилади. Кампирнинг уйида янги йил байрамидан қолган спиртли ичимликларга кўзи тушган дугоналар барча шашаларни думалатиб, туни билан роса вақтичоғлик қиладилар. Пиянисталар кампирга бу кеча борар манзиллари йўқлигини, агар рухсат берса, унинг уйида тунаб қолишларини айтадилар. Кампир ёлғиз ўзи яшаши боис розилик билдириб, уларнинг дам олишлари учун жой ҳозирлайдида, ўзи ҳам кўнгли хотиржам ҳолда ухлаб қолади.    

Кампирнинг қаттиқроқ уйқуга кетишини кутган иккала бузуқ ниятли меҳмонлар туннинг иккинчи ярмида ўзларининг «маҳоратларини ишга солишиб», «бир оёғи ерда, бири эса гўрда бўлган бу кампир бунча мол-дунёни нима қиларкин», дея уйнинг ҳар бир нуқтасини обдон титкилаб, ётоқхонада турган жавондан Глуховага тегишли бўлган 1 миллион 400 минг сўм нақд пуллари, 2 минг Россия рублини қўлга киритадилар. Бу ҳам етмаганидек, назари паст номуссизлар кампирнинг кийим-кечаклари, атир-упалари, турли хилдаги матолар, ҳаттоки, озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам кўз олайтириб, бир зумда уйни шип-шийдон қилиб чиқиб кетадилар. 

Евгения Глухова эрталаб уйғониб қараса, уйда ҳеч ким йўқ, шўрлик кампир шунда ҳам андиша қилиб, «меҳмонларим шунақанги фаросатлики мени безовта қилмасдан эртароқ чиқиб кетибди» деб ўйлаб бамайлихотир ётоқхонага киради. У ердаги ҳолатдан эсанкираб қолган кампир «меҳмонжонлар»и уни аллақачон тунаб кетганлигини пайқайди. 

Бўлиб ўтган воқеадан хабар топган Когон шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари зудлик билан тезкор тадбирларни ишга солиб, Евгения Глухованинг берган кўрсатмалари асосида ҳар иккала аёлларнинг фотороботлари тайёрланиб, «тирриқ бузоқлар сомонхонагача етар-етмас» қўлга олинади. Уларнинг ҳар бирига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми, «в», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, қилмишларига яраша жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Донишманд демишким, жундан куя, гуручдан мита, ёғочдан қурт, тупроқдан шўр чиқади. Одамзоднинг булоғи бўлмиш аёлдан-чи? Яхши инсонга ҳам, ёмонига ҳам сут берган она-аёл-ку! Аёл бешикни, бола дунёни тебратар, деган гап бежиз айтилмаган. Дунёни тебратишга қодир бола туғиб тарбиялайдиган, камолга етказадиган аёл зиммасига нечоғлик буюк масъулият юкланганлигини англаш мушкул эмас. 

Таассуфки, орамизда одамийликдан узоқ, дунёқараши тор, маънавияти кемтик, меҳр-муҳаббат, инсоф, диёнат, поклик, ор-номус, уят ва андиша каби эзгу тушунчаларни тепкилаб ўтаётган аёл қиёфасидаги зараркунандалар учраб турибди. 

Оламда жамики жонзотлар орасида фақат одамзодгина яратган парвардигорнинг марҳамати, ўзига хос сифатлари билан зийнатланган. Инсон эзгуликдан лаззатланади, ёвузлик, тубанлик ва иллатлардан нафратланади. Яхшилик куртаклари барқ урган кўнгил соҳиблари ҳамиша ўз муродларига етадилар. Аммо, ғараз ниятли, ёвуз ва нопок кишиларнинг борар манзиллари фақатгина сўнгсиз пушаймонлик, афсус ва надомад... 

Бахтиёр Рахматов 
капитан
Бухоро вилояти ИИБ