Умиджон Абдураҳмонов ва Орифжон Маматқулов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотли ўқитувчилар, ёш бўлишса-да, ўзларига яраша обрўга эга бўлишган. У.Абдураҳмонов коллежда ўқитувчи бўлиб ишлайди. О.Маматқулов эса мактабда ўқувчиларга сабоқ беради, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Хуллас, мактабни тамомлаган Фарида Суюнова холаси Манзура Мардиева билан ўзаро суҳбатларининг бирида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли Тошкент темир йўл транспорт касб-ҳунар коллежида ўқиш иштиёқи борлигини айтади. Жиянининг орзусини амалга ошириш учун хола астойдил ҳаракатга тушади. М.Мардиева аввал жиянининг ўқитувчиси О.Маматқуловга маслаҳат солади. Ушбу таълим даргоҳида танишлари бўлса, “харажат”идан қочмаслигини ҳам қистириб ўтади. О.Маматқулов эса бундай қулай фурсатни қўлдан бой бергиси келмайди. “Мен суриштириб кўрай-чи?! Телефон рақамингизни қолдириб кетсангиз, ўзим сизга қўнғироқ қиламан”, дейди Орифжон.

Нафс қутқусига учраган О.Маматқулов ўзганинг пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида таниши У.Абдураҳмонов билан боғланади. Тўрга каттагина “балиқ” илинганини, уни сувдан чиқариб олишса, яхшигина маблағга эга бўлишларини айтиб, уни ҳам бу ишга жалб қилади. Икковлон жиноий режа тузиб, ишни пишириб олганларидан сўнг Орифжон М.Мардиевага қўнғироқ қилади. Жиянининг иши деярли ҳал бўлганини, ўша коллежда дарс берадиган бир домла билан гаплашгани, “харажати”ни қилса, ўқишга киритиб қўйишини, фақат учрашиб, келишиб олиш кераклигини айтади.

Белгиланган жойга етиб келган М.Мардиевани икки йигит очиқ юз билан кутиб олишади. Бироз гаплашиб ўтиришгач, О.Маматқулов таниши Умиджонни Тошкент темир йўл касб-ҳунар коллежида ўқитувчи бўлиб ишлашини айтиб, уни “Иномжон”, деб таништиради. Аслида У.Абдураҳмонов бошқа коллежда ишлар эди. Умиджон ҳам ўз навбатида жиянининг ўқишга киритишига юз фоиз кафолат беришини айтиб, оғиз кўпиртиради. Гап “харажат”га тақалганда М.Мардиева бу томондан хавотирланмасликни айтиб, қанча бўлишини сўрайди. У.Абдураҳмонов шу заҳоти чўнтагидан қоғоз чиқариб, 2500 АҚШ доллари, деб ёзиб кўрсатади. М.Мардиева уларнинг шартига рози бўлади, пулни тез кунда олиб келишини айтади ва улар билан хайрлашади.

Пулни беришдан олдин М.Мардиева коллежга бориб, бундай ўқитувчи бор-йўқлигини суриштириб, ҳақиқатни билиб олади. “Хизмат ҳақи” сўраган кимсаларнинг фирибгарлигини англаб, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беради. Натижада О.Маматқулов ва У.Абдураҳмонов ундан 2500 АҚШ доллари олаётган пайтда СВОЖЖДЛҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ушланади.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўриб чиқилиб, фирибгарларга тегишли жазо тайинланди.