АҚШнинг 2016 йилдаги ҳарбий харажатлари сўнгги 5 йилда илк маротаба 1,7 фоизга ўсди. Ғарбий, Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида бу рақам ўсишда давом этмоқда. Бироқ, бу рақам нефть экспорт қилувчи кўплаб мамлакатларда сезиларли камайган. Стокҳольм халқаро тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI)нинг эълон қилган тадқиқот натижаларида шу ҳақда сўз юритилган. Унда дунёнинг энг кўп ҳарбий харажатлар қиладиган 15 мамлакати рўйхати келтирилган. 

Экспертларнинг қайд этишларича, ўтган йилнинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, 2010 йилдан буён илк маротаба Шимолий Америка ва Ғарбий Европада ҳарбий мақсадларга сарфланаётган маблағлар иккинчи йилдирки ўсмоқда. 

SIPRI маълумотларига кўра, умуман, 2016 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар 1,686 миллиард долларни ташкил этган ва 2015 йил билан таққослаганда 0,4 фоизга ўсган. Жаҳон бўйича мудофаа харажатлари глобал ЯИМнинг 2.2 фоизи ёки киши бошига 227 долларга тўғри келади. 

Тадқиқотда ёзилишича, дунё бўйича энг юқори харажат қилувчи мамлакат АҚШ бўлиб қолмоқда. Бу мамлакат институт рейтингини бир неча йилдан бери бошқариб келмоқда. Жаҳон мудофаа харажатларининг 36 фоизи биргина шу давлатга тўғри келади. 

АҚШдан кейинги ўринда Хитой бормоқда. Унинг мудофаага энг кўп маблағ сарфлайдиган 15 давлат орасидаги улуши 13 фоизни ташкил этади. Учинчи ўриндаги Россия 4,1 фоиз сарфлаши маълум қилинган. РФ бу борада Саудия Арабистонини (3,8) тўртинчи ўринга тушириб юборди. 2015 йилда еттинчи ўринда бўлган Ҳиндистон 2016 йилда 3,3 фоизлик кўрсаткич билан бешинчи ўринга кўтарилиб олди. 

Ҳисоботда айтилишича, умуман, Осиё ва Океания, Ғарбий, Шарқий ва Марказий Европа, Шимолий Америка ва Шимолий Африкада бу соҳага ажратилаётган маблағлар миқдори ошиб бормоқда. 

Шу билан бирга, Яқин Шарқ, Кариб ҳавзаси, Африканинг кўплаб давлатлари, Марказий ва Жанубий Америка мамлакатларида мудофаага сарфланаётган маблағлар камайган. 

Ўтган йилга хос бўлган яна бир тенденция, институтнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони, Венесуэла, Жанубий Судан, Озарбойжон ва Ироқ каби нефть экспорт қилувчи мамлакатларда ҳарбий мақсадларга ажратилаётган харажатлар камайган. Экспертлар буни нефть даромадлари камайгани билан изоҳлашган. Шу билан бирга, иқтисодий ҳолати бирмунча қулай бўлган нефть экспорт қилувчи мамлакатлар, жумладан Жазоир, Эрон, Кувайт ва Норвегия мудофаа бюджетини бир хил сақлашга эришган. 

SIPRI қайд этганидек, ҳарбий харажатлар деганда, давлатнинг қуролли кучларга ажратиладиган жами маблағлари, маошлар, тўловлар, фойдаланиш харажатлари, қурол-яроғлар харид қилиш, ҳарбий қурилишлар, илмий тадқиқот ва ишланмалар, маъмурий харажатлар кабилар тушунилади. 

Институт ҳисоботида Марказий Осиё мамлакатларининг ҳарбий мақсадларга сарфлаётган маблағларига доир рақамлар ҳам келтирилган. Унга кўра, Ўзбекистоннинг 2003 йилда сарфлаган маблағи 73,2 млн долларни ташкил этган. Институт ихтиёрида Ўзбекистоннинг шу йилдан кейинги 2016 йилгача бўлган харажатларига доир ахборот йўқ. Ўша 2003 йилда Қозоғистон 547 млн доллар, Қирғизистон 99 млн доллар, Тожикистон 47,3 млн доллар сарфлаган. Туркманистоннинг 1999 йилда сарфлаган 107,1 млн долларлик харажатидан кейинги ҳарбий бюджети маълум эмас. 

Қозоғистон 2015 йилда 2,046 млрд долларни шу мақсадда сарфлаган бўлса, 2016 йилда бу рақам 1,504 млрд доллардан иборат бўлган. Қирғизистоннинг бу борадаги кўрсаткичи 212 млн доллар экани қайд этилган. Тожикистонда эса 2015 йилги мудофаа бюджети 95,8 млн доллардан иборат бўлган. Ўзбекистон ва Туркманистоннинг сўнгги 1 йилдан ортиқ вақт мобайнида шу соҳага сарфлаган маблағлари хусусида аниқ ва очиқ рақам мавжуд эмас.