Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат Кенгаши Республика Маънавият тарғибот маркази ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасининг муассислигида чоп этилган “Маънавият тарғиботи” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тадбирда таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков ва ЎзМУ доценти Тўлқин Эшбеклар иштирок этишди. Филология фанлари номзоди Раҳимбой Жуманиёзов томонидан яратилган ушбу китоб барча ижтимоий-сиёсий, маданий, маънавий ва маърифий жараёндаги масалаларни кенг жамоатчиликка етказиш усуллари билан боғлиқ маълумотларни ўз ичига олган. 

Халқ билан мулоқотнинг муҳим манбаи нутқ орқали рўёбга чиқишини билган ҳар бир тарғиботчи инсон қалбига йўл таълим ва тарбиядан бошланишини чуқур идрок этади. Таълим нутқий, тарбия эса хулқий маданиятни тақозо этиши аниқ. Муаллиф китобда худди шу масалаларга диққат-эътиборини қаратган. Шунингдек, китобда ҳар қандай маънавият тарғиботчиси ўз фикрини содда, равон, аниқ ва мантиқий тарзда етказиши учун нотиқлик маҳоратидан қандай фойдаланиши борасида ибратли мулоҳазалар ўрин олган. Тарғибот таъсирчанлиги тараққиёт талаби, маърузачи мақсади – ҳаётийлик, илмийлик, таъсирчанлик, маънавий-маърифий тадбирлар таълим-тарбия таъсирчанлигининг муҳим омили экани, “Ғоямиз-ҳимоямиз” ижтимоий-маърифий, интеллектуал лойиҳанинг туб мазмуни, тарғибот-ташвиқотда нотиқлик санъатининг ўрни, нутқ маҳорати сабоқлари, маънавият – эзгу ният каби бўлимларда бугунги давр талаб этган мавзулар борасида сўз боради. 

Айни пайтда китобга “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасида муайян мавзулар бўйича сабоқ бераётган йирик мутахассис ва олимларнинг маъруза матнлари ҳам мухтасар шаклда илова қилинган.