Азалдан халқимиз ҳалолликни улуғлаб, ўғрилик, қўли эгриликни қоралаган. Эгасидан сўроқсиз ҳеч бир нарсага ҳатто қўл теккизишга ботинмаган. Лекин орамизда шундай инсонлар борки, улар ўзганинг ҳақига хиёнат қилишдан тап тортмайди. 

Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, Ангрен шаҳар, Красногорск қўрғони, Политаев кўчасида яшовчи, уй бекаси, 1985 йилда туғилган А.Иванова (исмлари ўзгартирилган) ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс калит танлаш йўли билан уйига ғайриқонуний равишда кириб, баҳоси 260.000 сўм бўлган «NOKIA-Х-980» русумли уяли алоқа телефонини ўғирлаганлигини маълум қилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов тезкор ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни, Ангрен шаҳар, Красногорск қўрғонида яшовчи, вақтинча ишсиз, 1985 йилда туғилган, Д.Жамилов содир этганлиги аниқланиб, ушланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яна шундай ҳолатлар борки, халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган озиқ-овқатлар дўконлари қўли эгри шахсларнинг тўғридан-тўғри нишонига айланади. Маҳалладошининг, ҳамшаҳарининг, юртдошининг нонига қўл чўзади.

Бекобод шаҳрида номаълум шахс, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, дераза панжарасини қулфини бузиш йўли билан Бекобод туманида яшовчи, хусусий тадбиркор, 1997 йилда туғилган Азиза Қобуловага тегишли Бекобод шаҳрида жойлашган озиқ-овқат дўкони ичкарисига ғайриқонуний равишда кириб, дўкондан умумий баҳоси 722.500 сўм бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини яширин равишда ўғирлаган. 

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Бекобод шаҳрида яшовчи, вақтинча ишсиз, 1999 йилда туғилган, Алишер Шокиров, укалари 2004 йилда туғилган, Азимжон Шокиров ва 2003 йилда туғилган Жонибек Шокировлар содир этганликлари аниқланиб, ушландилар.

Шунингдек, Зангиота туманида яшовчи, уй бекаси, 1971 йилда туғилган Соҳиба Нодированинг маълум қилишича, номаълум шахс ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, эшик қулфини бузиш йўли билан унга тегишли бўлган хусусий дўконга ғайриқонуний равишда кириб, умумий баҳоси  тахминан 4.000.000 сўм бўлган 1 та электр печкаси, 1 та НКМ аппарати, 1 та микротўлқинли печи ва озиқ-овқат маҳсулотларини яширин равишда  ўғирлаб жиноят содир этган жойидан яширинган.

Ички ишлар органлари ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни шу туманда яшовчи, вақтинча ишсиз, 1989 йилда туғилган, Наримон Содиқов содир этганлиги аниқланди. Эндиликда Наримон Содиқов қилган қилмишига яраша жазога тортилади. 

Олмалиқ шаҳрида яшовчи, тадбиркор, 1974 йилда туғилган, Рохила Усмонова ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида номаълум шахс, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, эшик қулфини бузиш йўли билан кириб, унга тегишли Олмалиқ шаҳрида жойлашган озиқ-овқат дўконидан умумий баҳоси  тахминан 2.194.700 сўм бўлган 10 дона “Топтава” номли колбаса махсулотлари, 15 блок “Твикс”, “Марс”, “Баунти” ва “Макс” номли шоколад махсулотлари, 8 блок “Кент”, “Палл-Малл”, “Винстон” сигарет махсулотлари ва бошқа озиқ-овқат махсулотларини яширин равишда ўғирлаганлигини маълум қилган.

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Олмалиқ шаҳрида яшовчи, вақтинча ишсиз, 1990 йилда туғилган Алимардон Халилов, 1992 йилда туғилган Эргаш Ўрозбоев ва 1996 йилда туғилган Мусурмон Халикуловлар содир этганликлари аниқланди. 

Шу тариқа ҳаром йўллар билан бойлик орттирмоқчи бўлган кимсаларнинг фаолиятига чек қўйилди.