Американинг Wardʼs Auto журнали 2017 йилнинг энг яхши 10та автомобиль интерьерини танлади. Нашр муҳаррирлари 2 ой мобайнида 31та автомобилни ўрганиб чиқишди. Уларнинг салони қулайлик, дид, самарадорлик, фойдаланилган материаллар сифати, бутловчи қисмлар жойлаштирилиши ҳамда электрон тизимлардан фойдаланиш қулайлиги бўйича баҳоланган. 

Айтиш жоизки, Ward's Auto ҳакамлар ҳайъати топ-10ликни биринчи-иккинчи ўринларга тақсимламаган, балки алифбо тартибида жойлаштиришга қарор қилган.
Таъкидланишича, рейтингда иштирок этиш учун фақат Америка автомобиль бозорида харид қилиш мумкин бўлган транспорт воситаларига рухсат берилган. Ғолибларга мукофотлар 9 май куни Детройтда топширилади. 

Қуйида экспертларнинг юксак балларига сазовор бўлган 10та автомобиль ички дизайни билан танишиб оласиз. 

Alfa Romeo Giulia

Нашр Италия компаниясининг 50,500 АҚШ доллари турадиган  Giulia моделини синаб кўриб, ушбу рўйхатга киритишга лойиқ топди. 

Bentley Bentayga

4,7 минг доллар турадиган Naim аудиотизими ва уқаловчи ўриндиқлар билан жиҳозланган Bentayga Америка бозорида 278 минг 730 доллар туради

Buick LaCrosse

Ҳакамлар синовидан ўтган Buick LaCrosse нархи 50 минг 270 доллар. Интерьери тўлиқ янгиланган Buick флагманига Lincoln MKZ ва Lexus ES рақиб бўлган.

Honda CR-V

Нашр синовига муносиб кўрилган кроссовер 34 минг 635 доллар туради. Унинг энг арзони 24 минг 45 доллар турса-да, юқори тоифадаги намуналари 32 минг 395 доллардан бошланади.

Lexus LC 500

Япониянинг рейтинг якунида топ-10ликка кирган яна бир автомобили АҚШда 102 минг 995 долларга сотилади. Умуман, оддийроқ LC 500 92 минг доллардан бошланса, гибридли намунаси 96,5 минг доллар туради. 

Lincoln Continental

Ҳакамлар эътиборини қозонган Lincoln седани 72 минг 870 доллардан сотилади. Нашр шунингдек, қўшимча 6 минг доллар турувчи Black Label намунасини ҳам баҳолаган. Continental седанининг энг арзони эса, 44,7 минг доллардир.
 
Maserati Levante

Ward's юқори баҳосига сазовор бўлган кроссовер 90 минг долларга сотилади. Умуман, АҚШ бозоридаги Levante йўлтанламаслари 72,6 минг доллардан бошланади, S модификацияси эса 83,8 минг доллар туради.

Mazda CX-9

Мазданинг энг йирик кроссоверини 45 минг 855 долларга харид қилиш мумкин. Унинг моделлари жиҳозланишига қараб 31,5 мингдан 44,3 минг долларгача нархланган. 

MINI Countryman

Синовларда бўлган яна бир янги кроссовер. У 38 минг 450 доллардн сотилади. Модель нархи 26,6 минг доллардан бошланади. Барча ғилдираклари етакчи бўлган Countryman S 31,1 минг доллар туради. 37,8 минг доллар эвазига эса, кучайтирилган John Cooper Works намунасини сотиб олса бўлади.

Subaru Impreza

Япониянинг яна бир машинаси ҳисобланувчи ушбу седан рейтингда қатнашган энг арзон машинадир. У атиги 29 минг 260 доллар туради. Шуни ҳам қайд этиш керак, бозорда харидорларга таклиф этиладиган энг янги «Импреза»нинг арзон намунаси 18,3 минг, қиммати 24 минг доллар туради.