Андижон машинасозлик институти юртимиздаги энг ёш олий таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда бу муассасада 300дан ортиқ илмий унвон ҳамда ишлаб чиқариш тажрибасига эга бўлган профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда.

Ҳозирда институтда 3та факультет мавжуд бўлиб, 11та бакалавр йўналишлари ва 6та магистратура мутахассислиги бўйича 4000дан зиёд талабалар таҳсил олмоқда. Профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар, асосан, машинасозлик ва автомобилсозлик соҳаларига йўналтирилганлиги билан мухим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиш, юртимиз олимлари томонидан яратилаётган инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкентдаги Турин политехника университети ва “GM-Uzbekistan” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда Андижон машинасозлик институтида “Инновацион ривожланиш муаммолари: ишлаб чиқариш, таълим ва илм-фан” мавзусида республика илмий-техникавий конференцияни ташкил этди.

Конференцияда республикамиздаги нуфузли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, магистрантлар ва талабалар иштирок этишди.
Конференцияда таъкидланишича техника, аниқ ва табиий фанлар, иқтисодий ва гуманитар йўналишлар бўйича 400га яқин илмий мақолалар келиб тушган.

Конференцияни Андижон машинасозлик институти ректори Ўктам Саломов очиб берар экан, юртимизда таълим соҳасида эришилаётган улкан ютуқлар, муҳим вазифалар, машинасозлик соҳасидаги инновацион муаммолар, юртимиз тараққиётига замин бўлувчи ихтиро ва янгиликларни кашф этишда бу каби конференцияларни ўрни ва аҳамияти катта эканлигини билдириб ўтди.

Конференция 4та шўъбага бўлинган ҳолда ўтиб, унда машинасозлик, ишлаб чиқаришга энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, саноатни модернизациялаш ва диверсификациялашни чуқурлаштириш, хомашёни қайта ишлаш, фундаментал фанларнинг амалиётдаги беқиёс ўрни каби долзарб масалалар юзасидан илмий мақолалар тингланди.

Конференция давомида машинасозлик саноатини ривожлантириш, илғор замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш, инновацион ғоялар ва ихтироларни янада кўпайтириш ва бу борадаги муҳим вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.

Хайрулло Васиев

Андижон машинасозлик институти 
матбуот ва ахборот хизмати ходими