Тадқиқот озуқавий қўшимчалар қабул қилувчи кишиларнинг 50 фоиздан кўпи уларни нотўғри қабул қилишини кўрсатди. Статистикага кўра, 1999 йилдан кейин одамлар орасида муайян қўшимчалар қабул қилиш кўрсаткичлари сезиларли даражада ошган. "Ортодокс" портали шу мавзудаги фойдали маълумотларини тақдим этди.

Манбага кўра, сўнгги йилларда D витамини ва Омега-3 қабул қилувчилар сони жуда кўпайиб кетган. Хусусан, D витамини сотувлари тўрт карра ошган бўлса, Омега-3'да бу кўрсаткич тўққиз баробарни қайд этган.

Агар сиз ҳам витамин ва минерал комплексларни қабул қилишни хуш кўрувчилар сафида бўлсангиз, уларни тўғри қабул қилаётганингизга ишонч ҳосил қилишингиз зарур. Қуйида 7 энг машҳур дармондори ва уларни қабул қилишдаги қоидаларга оид маълумотлар ҳавола қилинади.

 

КАЛЬЦИЙ

Тўғри: кальцийни D витамини билан бирга қабул қилиш керак. Усиз организм кальцийни керагича ўзлаштира олмайди, шу боис бу икки қўшимчани бирга қабул қилишга ҳаракат қилинг. Бунда D витаминининг кундалик меъёрини инобатга олинг.

Муҳим: дозани ошириб юбормаслик. Кальцийнинг меъёридан кўп қабул қилиниши суякларни мустаҳкам қилади деб ўйласангиз, адашасиз, аксинча, бундан зиён кўришингиз мумкин - кальций дозасининг оширилиши буйракларда тош пайдо бўлиши, қабзият, шунингдек, баъзи мутахассислар фикрича, юқори юрак-қон томирлари касалликлари хавфини туғдиради. Кальцийнинг катталар учун тавсия қилинадиган кундалик меъёрий дозаси 1000 миллиграммни ташкил қилади ва бу озиқ-овқат маҳсулотлари билан биргаликда ҳисобланган. Мисол учун, ёғсиз йогуртнинг кичик контейнери меъёрнинг 42 фоизини таъминлайди.

 

БАЛИҚ ЁҒИ ЁКИ ОМЕГА-3 - ЁҒЛИ КИСЛОТАЛАР

Тўғри: Омега-3'ни таом билан қабул қилиш. Бу уни қабул қилгандаги ёқимсиз эффектларни (масалан, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши) камайтиришга ёрдам беради.

Муҳим: балиқ ёғини аспирин ва қонни суюлтирувчи бошқа дори воситалари билан қабул қилмаслик.

 

ТЕМИР

Тўғри: имкон қадар уни апельсин шарбати билан қабул қилиш. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, С витамини темир моддасининг инсон организмида ўзлаштирилишини яхшилайди.

Муҳим: темир моддасини сутли ичимликлар билан қабул қилмаслик, зеро уларда кальций бўлиб, темирнинг ўзлаштирилишини қийинлаштиради.

 

A, D, E ва K ВИТАМИНЛАРИ

Тўғри: бу витаминларни ёғларга бой маҳсулотлар билан қўллаш. A, D, E ва K витаминлар бундай таомлар билан жуда яхши ўзлаштирилади.

Муҳим: Антикоагулянтларда "ўтирган" бўлсангиз, K витаминини қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас. У ушбу препаратларга қарши таъсир кўрсатиши ва қонингизни янада қуюқлаштириши мумкин.

 

КАЛИЙ

 

Тўғри: Калийни қабул қилишдан олдин рацион билан етарлича магний олаётганингизга ишонч ҳосил қилиш керак. Магний организмда калий миқдорини тартибга солишга ёрдам беради. Ёнғоқлар, дуккаклилар ва кўкатларни кўпроқ истеъмол қилинг.

Муҳим: Калийни қон босимини нормаллаштирувчи препаратлар, шунингдек, ангиотензин рецепторлари блокаторлари (одатда "tan"га тугайди) билан қабул қилмаслик. Акс ҳолда организмингизда калий миқдори ҳаддан зиёд кўпайиб кетиши мумкин. Гиперкалиемия, яъни қондаги калий миқдорининг кўпайиб кетиши мушаклар заифлашуви ва аритмияга олиб келиш хавфи бор.

 

ШИФОБАХШ ЎСИМЛИКЛАР (айниқса, гинкго, женьшень, қизилпойча)

Тўғри: фақат шифокор томонидан тавсия қилинган дозани қабул қилиш. Ҳатто бир қарашда безарардек кўринган ўсимликлар ҳам меъёрдан ошса, зарарли бўлиши мумкин.

Муҳим: Шифобахш ўсимликларни дори препаратлари билан аралаштирмаслик. Бу, айниқса, рецепт билан бериладиган дориларга тегишли, акс ҳолда қонда дорининг фаол моддаси ё ҳаддан зиёд баланд, ё ҳаддан зиёд паст бўлиши мумкин.

 

ПРОБИОТИКЛАР

Муҳим: Барча пробиотикларнинг таъми ва ранги бир хил деб ўйламаслик керак. Қўлланмаларни ўқинг. Соғлиғингиз учун пробиотикларнинг қандай тури ва миқдори тўғри келиши борасида даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

 

МУҲИМ!

Баҳор келиши билан кўпчилик турли-туман витаминларни харид қилиб, уларни бирин-кетин қабул қила бошлайди. Бу тўғримикан? Экспертлар витамин комплексларини қабул қилиш зарурми ёки уларни озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида қабул қилган яхшими - баҳслашишди. Фақат бир пунктда экспертларнинг фикри бир жойдан чиқди - барча ҳомиладорлар албатта фолий кислотасини қабул қилиши керак.